Хажетеппи (Hacettepe) университети 1954 йил 2 февралда Анқара университетининг тиббиёт факультети сифатида иш бошлаган. Аввалига унда педиатрия йўналишида ёшлар таҳсил олган. Сўнг таълим-тарбия, илмий тадқиқотлар, жамоат хизмати, тиббий технологиялар, даволаш ва реабилитация ва тиббиётга оид шу каби йўналишларда факультетлар сони кўпайган ва ишлай бошлаган.
Техник таъминланганлиги, талабаларининг қобилият ва янгиликлар яратиш борасидаги ютуқлари олиб қаралганда, мамлакатнинг етакчи таълим муассасаларидан биридир.
Унинг қошида болалар касалхонаси ҳам мавжуд. Унда болаларни даволаш билан бирга илмий-амалий тадқиқотлар ҳам олиб борилади. Шунингдек, университет талабалари ва педагоглари бошқа давлатнинг шу йўналишда фаолият юритадиган олий таълим муассасаларида билимларини ошириши ва тадқиқотлар олиб бориши мумкин.
1965 йилда университет қошидаги таълим муассасаларини назорат қилиш ва улар фаолиятини тизимлаштириш мақсадида Хажетеппе илмий маркази ташкил этилган бўлиб, кейинчалик таклифларга кўра янги факультетлар, бўлимлар очилган.
Ўз ўрнига эга ушбу масканда билимли ёшлар таҳсил олади. Шу боис у соғлиқни сақлаш тизимида муҳим аҳамиятга эга таълим масканларидан бири ҳисобланади.






