Устоз ҳамиша отадек улуғланади. Чунки у шогирдининг келажаги учун бор илми, қалб-қўрини беради. Ўқувчисининг янги марраларни забт этганидан қувонган устоз, фарзандининг ютуқларидан шодланган ота... Бу ўринда уларнинг ҳолати бир бирига жуда ўхшаб кетади.
Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмайди дегани ҳам бор гап. Жиззах вилояти коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими томонидан тезкор тадбир “натижаси” кишини ўйга толдиради.
Тезкор тадбирда институт ўқитувчиси Жўрақул Қораев 4-босқич талабаси Мирсолиҳ Бобожоновдан 100 доллар талаб қилиб, 800 минг сўм пулни ушбу таълим муассасасининг ўқув хоналаридан бирида фирибгарлик йўли билан олаётган вақтда қўлга тушди. (Материалда келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган, тўғри келган ҳар қандай ўхшашлик тасодиф саналади).
Маълум бўлишича, Мирсолиҳ Бобожонов Ғаллаорол тумани, Сарбазор маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. У айрим сабабларга кўра ўқитувчи Қораевнинг дарсларида қатнашмаган. Ўқитувчи талабадан қолдирилган дарслар ўрнини “тўлдириш” учун 100 доллар беришини талаб қилади. Мирсолиҳ Бобожонов ўқитувчининг бу ҳатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади.
Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб ёзади ЎзА.
20.04.2018 08:58
Политехника институти ўқитувчиси пора олаётганда қўлга тушди






