АсосийJamiyat

Ўзбекистон — йил кашфиёти номинацияси бўйича 170 та давлат орасида тақдирланди

'Ўзбекистон — йил кашфиёти номинацияси бўйича 170 та давлат орасида тақдирланди'ning rasmi

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи делегацияси 15-19-апрель кунлари Глобал тадбиркорлик тармоғи (ГТТ) доирасида Истанбул шаҳри (Туркия)да ўтказилаётган Глобал тадбиркорлик конгрессида иштирок этмоқда. Мазкур конгрессда 170 та давлатдан 2000 дан ортиқ иштирокчилар қатнашмоқда.

Қувонарлиси, мазкур тадбирдаги “Compass awards” (ГТТ даги фаол давлатларни тақдирлаш маросими)да Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни инобатга олиб, “Ўзбекистон — йил кашфиёти” номинацияси бўйича 170 та давлат орасида тақдирланди. Тадбирда Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган одилона ислоҳотлар эътироф этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Одилжон Тожиев, Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси кузатув кенгаши раиси Ҳикмат Абдураҳмонов Глобал тадбиркорлик тармоғи президенти Жонатан Ортманс билан учрашди. Унда ГТТ билан Ўзбекистон кенг қамровли ҳамкорлик олиб боришга келишиб олинди ҳамда Ўзбекистоннинг ГТТга расман аъзолигини мустаҳкамловчи меморандум имзоланди.

Унга кўра халқаро майдонлардан фойдаланиш, стартапларни, бизнесни қўллаб-қувватлаш, халқаро даражадаги йирик тадбиркорлар томонидан ёш тадбиркорларимизга маҳорат дарсларини ўтказиш, юртимизда тадбиркорлик эко системасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш каби масалаларда мунтазам ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Конгрессда Глобал тадбиркорлик тармоғининг Ўзбекистондаги вакили этиб Ҳикмат Абдураҳмонов қайта сайланди.

Эслатиб ўтамиз: 2017-йил 13-18-ноябрь кунлари мамлакатимизда илк маротаба Глобал тадбиркорлик ҳафталиги ўтказилган эди.

    Бошқа янгиликлар