АсосийJamiyat

Жанубий Корея Президенти мамлакатимизга ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ 16 июнь куни илк давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди. 17 июнь куни Кўксарой қароргоҳида Корея Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар беради.

Президентлар Ислом Каримов ва Пак Кин Хэ тор доирадаги учрашувида икки томонлама муносабатларга доир масалалар, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Музокарада сиёсий мулоқотларни изчил давом эттириш, эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишни мониторинг қилиб бориш, ахборот технологиялари, қуёш энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, таълим каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди. Томонлар бундан буён ҳам халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар, жумладан, “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлайди.

Хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм, диний экстремизм, уюшган трансмиллий жиноятчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда изчил ҳамкорлик қилади. Президентлар мулоқоти икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом этди. Томонлар савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалаларни муҳокама қилдилар.

Куннинг иккинчи ярмида Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари туфайли Ўзбекистоннинг бош майдони нафақат халқимиз фахру ғурурига хос замонавий қиёфа касб этди, айни пайтда унинг юртимиз ҳаётидаги аҳамияти ҳам юксалди.

Корея Республикаси Президенти халқимизга ҳурмат-эҳтиромини изҳор этиб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз, эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Пак Кин Хэ бу майдон муҳташам бинолари, кўркам боғлари, гўзал фавворалари билан яхлит ансамбль ҳосил қилганини таъкидлади. Бу ерда яратилган меъморий асарлар табиатнинг гўзал инъомлари билан моҳирона уйғунлаштирилгани ўзида катта таассурот қолдирганини алоҳида қайд этди.

Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.

 

    Бошқа янгиликлар