Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йилдаги ва 2014 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди. Йиғилишни қўмита раиси Б.М. Иминов олиб борди.
2013 йил якунларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 8,0 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,8 фоизга, пудрат қурилиш ишлари ҳажми 16,6 фоизга, хизматлар ҳажми 13,5 фоизга, чакана савдо айланмаси 14,8 фоизга ўсишига эришилди.
Экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва экспортни диверсификация қилиш, маҳсулотларни сотишнинг янги ташқи бозорларини фаол ўзлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар экспорт ҳажмининг 10,9 фоизга ўсишини, ташқи савдо айланмаси ижобий сальдосининг 1,3 миллиард доллардан ортиқ миқдорда бўлишини таъминлади.
Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жихозлаш, уй-жой қурилишини, транспорт ва инфратузилма коммуникацияларини ривожлантириш борасида фаол инвестиция сиёсати олиб борилиши натижасида инвестицияларни ўзлаштириш ҳажмлари 11,3 фоизга ортди. Ўтган йилда 150 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини амалга ошириш доирасида 970 минга яқин янги иш ўринлари яратилди, уларнинг 60,3 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда ташкил этилди.
2014 йилнинг биринчи чорагида ҳам мамлакат иқтисодиётида муҳим ижобий ўзгаришларни таъминлади. Жумладан, ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,9 фоизга, шу жумладан истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 12,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 15,5 фоизга ўсди.
Ички талабни янада рағбатлантириш ва аҳолининг харид имкониятларини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар чакана товар айланмаси 14,3 фоизга, хизматларнинг 9,1 фоизга ўсишини таминлади.
Жорий йилнинг 1 чорагида Давлат бюджетининг даромадлари 6 трлн. 646,0 млрд. сўмни, харажатлари эса 6 трлн.589,1 млрд.сўмни ташкил этди ҳамда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.
Шунингдек, йиғилишда ҳисобот даврида Давлат бюджетининг ижросини таъминлашда асосий эътибор ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга, яъни таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини мақсадли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бюджетдан маблағ олувчиларнинг иш хақи, пенсия, стипендия ва нафақалар ҳамда бошқа биринчи даражали тўловларни ўз вақтида молиялаштиришга, Давлат бюджетининг ғазна ижросини ва самарадорлигини таъминлашга қаратилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Уларнинг умумий ҳаражатлардаги улуши 2013 йилда 58,7 фоиздан ортиқни, бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар бир йилда ўртача 20,8 фоизга, аҳолининг реал даромадлари 16,0 фоизга ўсганлиги, жорий йилнинг биринчи чорагида ижтимоий соҳа ва аҳолини мақсадли ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари умумий харажатларда 58,5 фоизни, аҳолининг реал даромадлари эса 12,8 фоизга ўсганлиги алоҳида эътироф этилди.





