Умумхалқ хайрия ҳашари юртимизнинг барча ҳудудларида юқори савияда ташкил этилиб, унда 8,7 миллион нафардан ортиқ ҳамюртимиз иштирок этмоқда. Уларнинг салмоқли қисми ёшлардан иборат.
Бу хақда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Республика бошқаруви томонидан юртимизда Наврўз байрами арафасида бўлиб ўтаётган умумхалқ хайрия ҳашарининг бориши жараёнларига бағишланган брифингда айтиб ўтди.
Шу кунларда мамлакатимизда ўтказилаётган ҳашар олдидан барча ташкилот ва муассасалар, корхоналарда мазкур тадбирни юқори савияда ўтказишга оид чора-тадбирлар ишлаб чиққан. Жумладан, юртимиздаги барча маҳалла фуқаролик йиғинлари томонидан кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлиларнинг атрофларини, хиёбон, зиёратгоҳлар, кўча ва йўлакларни тартибга келтириш, маиший ва қурилиш чиқиндиларидан тозалаш, дарахтларни оқлаш ишлари уюшқоқлик билан бажарилмоқда.
Айни дамда ҳашарчилар кўмагида катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари амалга ошириляпти. Ариқ ва зовурлар тозаланиб, зиёратгоҳ ва бошқа мўътабар масканлар тартибга келтирилмоқда. Манзарали дарахтларга шакл берилиб, кўплаб мевали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда. Юзга яқин маҳаллаларда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари, спорт иншоотлари, гўзаллик салонлари, маҳалла гузарлари барпо этилишига доир савобли ишлар айнан ҳашар кунларида ниҳояланмоқда. Янгидан-янги маҳалла идоралари, болалар спорт майдончалари қуриб, фойдаланишга топширилмоқда.
Анъанага кўра бу йилги умумхалқ хайрия ҳашарида ҳам нуронийлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, алоҳида эҳтиёжли фуқаролар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг турар жойлари таъмирлаб берилмоқда. Эҳтиёжманд оилалар, беморлар, ёлғиз кексаларга моддий ёрдам кўрсатиляпти.
Умумхалқ хайрия ҳашари юртимиз бўйлаб баланд руҳда давом этди, деб ёзмоқда ЎзА.
18.03.2018 15:44
Умумхалқ хайрия ҳашарида 8,7 миллион нафардан ортиқ ҳамюртимиз иштирок этмоқда






