АсосийDunyo

Буюк Британия ва Россия: муносабатларга чек қўйилди

'Буюк Британия ва Россия: муносабатларга чек қўйилди 'ning rasmi

Буюк Британия ва Россия ўртасида режалаштирилган барча дипломатик алоқалар музлатилди. Буюк Британия Россияни ўз ҳудудида кимёвий қуролдан фойдаланганликда айбламоқда ва Москвага қарши санкциялар жорий қилишини маълум қилди. Бу ҳақда Британия парламенти мажлисида Бош вазир Тереза Мэй айтиб ўтди.

4 март куни Англия жанубидаги Солсбери шаҳарчасида Россия Разведка Бош бошқармаси собиқ полковниги Сергей Скрипаль ҳаётига қилинган суиқасдни у Бирлашган Қироллика нисбатан жиноят деб атади. Британия ҳукумати Скрипаль ва унинг қизи Россияда ишлаб чиқарилган асаб тизимини фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланганини айтиб расмий Москвадан ушбу ҳолат бўйича изоҳ талаб қилганди.

Россия Федерацияси ҳукумати эса бу жиноятга алоқадорлигини мутлақо инкор этиб, иш бўйича расмий ахборот тақдим этишни талаб қилмоқда. Шу муносабат билан Буюк Британия разведка хизматига алоқадорликда гумон қилинган 23 нафар рус дипломатини мамлакатдан чиқариб юборишини, Россия ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятининг Лондонга кутилаётган ташрифини бекор қилишни маълум қилди.

Қолаверса, Британия вазирлари ва қироллик оиласи вакиллари Россиядан бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш маросими иштирок этмаслиги эълон қилинди.

    Бошқа янгиликлар