АсосийJamiyat

Ўзбекистонда 2017 йилда нечта судья жазоланди?

'Ўзбекистонда 2017 йилда нечта судья жазоланди?'ning rasmi

Биз судларни олтин тарозига қиёслаймиз. Агар бу тарозида мувозанат йўқолмаса жамиятга нисбатан ишонч ортаверади. Фуқаролар қонуннинг амалий ҳаракатини ўз ҳаётида кўраверади. Агарда тарозидаги мувозанат бузилса, илло шунисидан асрасин...

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий Кенгаши фаолиятининг асосий йўналишларидан бири, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш, шунингдек, уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортишга хулоса бериш тўғрисидаги масалаларни таҳлил этамиз, деб ёзади ЎзА.

Очиғини айтиш керак, зиммасига юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчи ва виждонига содиқ бўлишга амал қилмаётган беғараз, холис ва адолатли бўлмаётган судьялар ҳам борлиги аччиқ ҳақиқат.

Бу борадаги рақамларга мурожаат қиламиз. 2017 йилда Судьялар олий кенгаши томонидан судьяларга нисбатан 54 та интизомий иш қўзғатилган бўлиб, уларни муҳокама этиш натижаларига кўра 28 нафар судьяга нисбатан “ҳайфсан”, 16 нафар судьяга нисбатан “жарима” интизомий жазо чоралари қўлланилган, 8 та интизомий иш тугатилган, 2 нафар судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш масаласини ҳал қилиш учун иш материалларини ваколатли органга юбориш ҳақида қарор қабул қилинган.

Қўзғатилган интизомий ишларнинг 20 таси фуқаролик ишлари бўйича, 24 таси жиноят ишлари бўйича, 5 таси иқтисодий ҳамда 5 таси маъмурий судларнинг судьяларига тўғри келади. Шулардан 42 таси биринчи марта беш йил муддатга тайинланган судьяларга, 9 тасининг судьялик стажи навбатдаги ўн йил муддатга, 3 тасининг судьялик стажи эса судьялик лавозимининг муддатсиз даврига тўғри келадиган судьяларга тегишлидир.

Таҳлилларга кўра, интизомий ишларнинг аксарият қисми жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига (12 та), фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти (6 та), Сурхондарё (5 та) вилоят судларига оиддир.

Мазкур интизомий ишларнинг 41 таси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан қўзғатилган бўлса, қолган 1 таси судлар томонидан чиқарилган хусусий ажрим натижаси бўйича, 12 таси жойлардаги малака ҳайъатлари томонидан ўтказилган хизмат текшируви натижасига кўра қўзғатилган.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, жамиятда қонун устуворлиги, қонунийлик ва адолат, мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни қарор топтириш каби эзгу мақсадлар Ўзбекистондаги жиддий ислоҳотларнинг бош мақсади ҳисобланади. Шубҳасиз, ушбу мақсадлар йўлидаги белгиланган вазифаларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига алоҳида масъулият юклайди...

    Бошқа янгиликлар