Ҳиндистонлик жарроҳлар 31 ёшли йигитнинг бошидаги 1,8 килограммли ўсимтани олиб ташлашди, деб хабар берди Gazeta.ru нашри.
31 ёшли Сантала Паланинг бошида бундан уч йил илгари шиш пайдо бўлиб, у тез ўса бошлади. У учта касалхонага боради, бироқ шифокорлар ўсимтани олиб ташлашдан бош тортишди. Ўсимта туфайли йигит кўр бўлиб қолди, бироқ шифокорлар энди унинг кўзлари очилишига умид қилишмоқда.
Агар ўсимта олиб ташланмаганда, мия фаолиятига жиддий таъсир қилиб, тана фалажлиги юзага келиши мумкин эди.
“Беморнинг батамом тузалиб кетиши учун вақт керак, энди ҳеч нарса унинг ҳаётига хавф солмайди, бундай тиббий ҳодисалар фавқулодда муҳимдир” - деди нейрожарроҳ Тримуртни Надкарни.
Шифокорларнинг таъкидлашича, Санталанинг бошидан олинган ўсимта дунёдаги энг катта ўсимта ҳисобланади. Операция 14 февраль куни Мумбай шаҳрида ўтказилиб, у 6 соат давом этди. Жарроҳлар операция тугаб, у муваффақиятли равишда амалга оширилганига ишонч ҳосил қилмагунларига қадар бу ҳақда маълумот беришмади.






