«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида ёшларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун қўшимча қулайликлар ва дам олиш маданиятининг янги замонавий анъаналарини яратиш мақсадида 1 май куни пойтахтдаги барча фавворалар майдонида “Фавворалар сайли” ёшлар оммавий-маданий тадбирлари ўтказилмоқда.
Сайл Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 апрелдаги қарорига мувофиқ ёш авлодни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни миллий ғоя ва анъаналар руҳида камол топтириш, жамиятда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва хамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, белгиланган режага кўра, шаҳар бўйлаб, хусусан “Маърифат маркази ва Симпозиумлар саройи” кириш қисмидаги, “Сайилгоҳ” майдонининг ички қисмидаги, “Болажон”, “Мирзо Улуғбек”, “Локомотив” маданият ва истироҳат боғлари, “Интернэшнл Тошкент” (собиқ Интерконтинентал) меҳмонхонаси кириш қисмидаги, “Хадра майдони”да янги қурилган ҳамда “Давлат Цирки” биносига кириш қисмидаги, Бобур кўчасидаги, “Истиқлол” санъат саройи орқа майдонидаги, “Алишер Навоий” номидаги академик катта театрининг кириш қисмидаги, Мустақиллик майдонидаги “Мотамсаро она” ҳайкали орқа қисмидаги, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент иригация ва мелиорация институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳудудидаги фавворалар атрофида ўзига хос маданий тадбирлар ташкил қилинади.
Уларда бадиий жамоаларнинг чиқишлари, пойтахтда ижод қилаётган театр ва кино актерлари, ёзувчи-ю шоирлар билан мулоқотлар уюштирилади.
Тадбир давомида “Баркамол авлод” болалар маркази, мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда ихтисослашган таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларининг ижодий кўргазмаси ҳамда ёш рассомлар томонидан маҳорат сабоқлари ўтказилади. Мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни акс эттирувчи, ёшларни эзгу мақсад йўлида бирлаштирувчи кўргазмали панно ва баннерлар билан байрамона безатилган фавворалар атрофида салқин ичимликлар, музқаймоқлар, ширинликлар ва болалар ўйинчоқлари савдоси ҳам ташкил қилинади.





