2018 йилнинг биринчи ойи давомида истеъмол бозорида товар ва хизматлар ўртача 2,7 %га ошди, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 3,5 %га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 2,3 %га ва хизматлар 1,4 %га қимматлашган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг январ ойида товар ва хизматларнинг истеъмол нархлари 0,8 %га, шулардан озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 %га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар 0,6 %га ошганди.
Статистика қўмитасининг таҳлилий маълумотларига кўра, 2018 йилнинг январь ойида асосий инфляцион омил сифатида озиқ-овқат товарлари нархларининг кўтарилиши сабаб бўлди.
Ой давомида гуруч 7,5 %, сут 5,4 %, тирик ва музлатилган балиқ 4,8 %, сариёғ 4,4 %, тухум 4,2 %, қаймоқ 3,7 %, манний ёрмаси 2,7 %, ловия 2,5 %, мол ва қўй гўшти 2,2 %, творог 2,1 %, қандолат маҳсулотлари ўртача 1,8 %, буғдой уни 1,4 % ва ўсимлик ёғи нархлари 1,0 %га ошган.
Мева-сабзавот маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши асосан одатий ҳисобланган мавсумий омиллар натижасида рўй берди: олма ва ноклар 12,8 %, помидор 10,4 %, пиёз 8,7 %, ошқовоқ 8,6 %, бодринг 6,2 %, картошка 4,5 %, ёнғоқ 3,3 %, лавлаги нархлари 1,4 %га қимматлашди. Асосий турдаги мева ва сабзавотлар нархининг ошиши баробарида сабзи 4,0 %га ва карам маҳсулоти нархлари 0,2 %га арзонлашган.
Бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари орасида бирмунча барқарор ҳолат кузатилган бўлиб, булар орасида шакар ва парранда гўшти маҳсулотлари нархлари пасайганлиги ҳам қайд этилган (1,0 % ҳамда 0,8 % га).
Спиртли ичимликлар нархларининг ошиши 2018 йил 1 январдан махаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларига нисбатан янги актсиз солиқларининг жорий этилиши ҳамда Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг минимал улгуржи ва чакана сотиш нархларининг қайта белгиланиши билан боғлиқдир. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ой давомида 2,3 %га кўтарилиб, умумий ИНИнинг ўсишига 0,8 ф.д.да ўз таъсирини ўтказди.
Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш шаҳобчаларидаги пропан ҳамда метан газларининг сотиш нархлари 10,2 % ва 11,2 %га қимматлашиб, умумий ИНИ ўсишига 0,1 ф.д.да таъсир кўрсатди.
Республикада ишлаб чиқарилаётган тамаки маҳсулотларига бўлган актсиз солиқларининг кўтарилиши истеъмол бозоридаги сигарет ва тамаки маҳсулотларининг 8,8 %га қимматлашишига сабаб бўлди.
Юқорида номи қайд этилган маҳсулотларнинг нархлари кўтарилмаганида умумий инфляция даражаси 0,2 ф.д.да пастроқ кўрсаткични ташкил этган бўлар эди. Аҳоли учун хизматлар ой давомида ўртача 1,4 %га кўтарилди. Бу эса ИНИ умумий ўсишига 0,3 ф.д.да таъсир этди, дейилади қўмита хабарида.






