Фарғона вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда “Исомиддин Комилжон кўли” фермер хўжалиги раҳбарининг жинояти фош этилди, деб ёзади ЎзА.
Мамлакатимизда фермер хўжаликларини ривожлантириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Афсуски, "Шоли курмаксиз бўлмайди", деганларидек, давлат унга ишониб топширган ерни пуллаб, мўмай даромад олишни мақсад қилган фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳам учраб туради.
Ер – умуммиллий бойлигимиздир. Ўзбекистон Республикасининг “Ер тўғрисида“ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида“ги қонунлари ва бошқа ҳужжатларда давлат ери сотилмаслиги, аксинча, фермер хўжаликларига ер узоқ муддат фойдаланиш учун ижарага берилиши таъкидланган.
Фарғона вилояти Риштон туманидаги “Исомиддин Комилжон кўли” фермер хўжалиги раҳбари М.Исомиддинов 30 гектар ер майдонидан 8 гектарини таниши Т.М.га сотмоқчи бўлди. Фермер сотаётган ер майдонини Риштон тумани ҳокимлиги ер ажратиш комиссиясидаги танишлари орқали расмийлаштириб беришини ҳам айтади. Албатта бу қуруққа бўлмаслигини билдириб, танишидан 10 минг доллар талаб қилади. Ваҳоланки, фермер ер ажратиш тендер танловлари орқали амалга оширилишини ҳам яхши биларди. Афсуски, нафс устун келди.
Т. М. нинг аризасига асосан М.Исомиддинов Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ва МХХ Риштон туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Фарғона шаҳридаги Қиргули мавзесида 10 минг доллардан 6 минг долларини олаётган пайтда ушланди.
“Исомиддин Комилжон кўли” фермер хўжалиги раҳбари М. Исомиддиновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзатилди. Айни пайтда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда
26.01.2018 03:24
Фермер 8 гектар ерни 10 минг долларга сотаётганда ушланди






