«Рашк қиласанми, қизғонасанми?..» машҳур қўшиқнинг ушбу мисралари барча эркакларнинг тилидан куйланган, десак муболаға бўлмаса керак. Сабаби инсон қанчадир фоизга бўлса-да, рашк қилишларини истайди. Хўш, бу нимага керак? Унинг меъёри қанча? Аёл нимага рашк қилади? Балки бунда эркакнинг айби бордир? Бугун хонанда Ботир ЯМИНОВ шу ҳақида гапиради.
Жуда фойдали туйғу!
Ҳар бир инсон, ич-ичидан севган кишиси рашк қилишини хоҳлайди. Чунки бу — унинг ўзига ишончи ва баҳосини оширади. Аммо ҳар икки томон ҳам меъёрни унутмаслиги керак. Ҳуда-беҳудага қизғонавериб, севгилисини хуноб қиладиганлар оҳир оқибат муносабатларга путир етказиб қўйишлари ҳеч гап эмас.
Рашк севгидан далолатми?
Шахсан ўзим ҳам вақти-вақти билан аёлимнинг жиғига тегиб тураман... У эсаёнимиздан чиройли қизлар ўтиб кетса ёки кўҳликкаина аёл менга қараб қўйгудек бўлса, «Ҳа, кўз уриштирдингизми?» деб қизғонганини сездириб қўяди. Албатта, бундай пайтларда чегарани билишини қадрлайман. Чунки оила қуришимиздан аввал феъл-атворимизни ўрганиб, бир-биримизга мослашганмиз. Мен ҳам ўз ўрнида фақат уни севишимни, бошқаси керакмаслигини тушунтирганман.
Бир сафар турмуш ўртоғимнинг сабрини синаганим сира ёдимдан чиқмайди. Оила даврасида дам олиш учун ресторанга бордик. Эндигина тоамларни келтиришганида ёнимиздаги столга бир қиз келиб ўтирди. Санъаткорлигим учунми ёки бошқа сабабданми қиз биздан кўзини узмасди. Ўша пайт рафиқамнинг ички ҳолати юзида намоён бўлди, десам адашмайман. Катталар билан бир ерда ўтирганимиз учун менга гапиролмай, фақат имо-ишоралар билан нималарнидир тушунтириб ҳуноб бўлганди. Аммо уйга келиб, роса аламидан чиққан. Мен эса унинг рашкини тўғри тушунишга мажбур бўлганман...
Салбий томонлари ҳам бор...
Юқорида рашкнинг фақат ижобий жиҳатлари ҳақида гапирдим. Аммо сир эмаски, ҳаддан ташқари қизғониш, ҳатто, оиланинг бузилиб кетишига олиб келиши ҳам мумкин. Бунга ҳаётда кўп бора гувоҳ бўлганман. Истардим-ки, бу ширин туйғулар билан оилалар фақат мустаҳкамланиб борсин.
РАШК ҚИЛМАСА, СИҚИЛАМАН
Биласизми, ҳозирги айтмоқчи бўлган гапимни, ҳатто, аёлимнинг ўзи ҳам билмайди. Баъзида у мени қизғонмай қолса, «Балки севмай қўйгандир ёки мендан ҳафамикан?» деб кўнглим хижил бўлади. Шунинг учун баъзи-баъзида ундан рашкни «сўраб оладиган» одатим ҳам бор. Аёл эрининг қаерга кетаётгани ва қаердан келаётгани билан қизиқмаса, жуда оғир ботади. Ҳавотирларини бизга кўрсатишмаганида ҳам ич-ичимиздан ўйланамиз.
ДАЪВОСИ БОР
Аслида, аёллардан кўра эркакларда рашк туйғуси кучлироқ. Бу хислат, айниқса, шарқ эркакларига хос. Рашк оловланмаслиги учун аёллар ҳам турмуш ўртоғининг ишончини оқлаши, уни севишини билдириб туришлари керак. Буни фақат гап-сўзларда эмас, ҳаракатларда намоён этсалар айни муддао. Меҳр кўрсатишлар, ширин-ширин таомлар шулар жумласидан. Шу ўринда эркак ҳам, албатта, аёлининг ташаббусига жавобан биргаликда вақт ўтказишга, фақат байрамларда эмас, оддий кунларда ҳам гулдаста ёки ширинлик олиб келиб, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилса, олам гулистон.
Алия СУЛАЙМАНОВА






