Андижонлик фермер Абдуҳошим Нурматов 2018 йилда ногиронлиги бўлган шахс оиласи учун бепул уй қуриб бериш, 25 нафар кам таъминланган оила фарзандига боғча ташкил қилишни дилига тугиб қўйди.
Абдуҳошим Нурматов эсини танигандан буён ер билан тиллашади. У нафақат Булоқбошида, балки бутун Андижонда донг таратган деҳқонлардан бири, дейилади «Андижоннома» газетаси сайтида.
Қайд этилишича, жорий йилда фермер хўжалиги пилла тайёрлаш режасини 120 фоизга уддалади. Гектарига пахтадан 45 центнер, ғалладан 62 центнер ҳосил кўтарди. Такрорий экинлардан 200 миллион сўм даромад олди. Соф фойда эса 500 миллион сўмни ташкил қилди. Якунланаётган йилда ҳам саховатли ишларга даромадидан талайгина маблағ ажратди.
Ҳеч бир мурувват изсиз қолмайди, деганларидек, Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Президент Фармонига кўра, А.Нурматов “Дўстлик” орденига муносиб кўрилди.
— Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев соҳа ходиларига баҳо берар экан, “Деҳқон бу – ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи”, дея таърифлади, - сўз юритди фермер мамнуният билан. – Шиддат билан янгиланаётган жамиятимиз тараққиётига ўз ҳиссамни қўшиш ниятида 2018 йилдаги режаларга битта уй ва боғча тухфа этиш ниятидаман.






