АсосийShou-biznes

ЖАМИЛА ҒОФУРОВА: «МЕҲНАТ ҚИЛАЁТГАН АКТРИСАЛАРГА НЕГА МУКОФОТ ЙЎҚ?»

'ЖАМИЛА ҒОФУРОВА:  «МЕҲНАТ ҚИЛАЁТГАН АКТРИСАЛАРГА НЕГА МУКОФОТ ЙЎҚ?»'ning rasmi

Ўн олти йилдан буён кино соҳасида ижод қилиб келаётган актриса Жамила Ғофурова аламзада! Йиллар давомида сукут сақланган мавзу ҳақида у кўплаб санъаткорлар номидан очиқ-ойдин гапирди.

Қирқдан ортиқ фильмларда бош ролларни ижро этган актрисага Санъат ва маданият институтига ўқишга кириш нима учун керак бўлиб қолди?

— Асли Тошкент давлат Шарқшунослик иститутини тамомлаганман. Санъат ва маданият институтида эса иккинчи мутахассислик бўйича таҳсил оляпман. Йўналишим — драма ва кино! Тўғрисини айтсам, ўтган йили ўқишга киргандим-у, бироқ айрим сабаблар туфайли таътил олишимга тўғри келди. «Ўқишни давом эттиришим мен учун қанчалик муҳим?» дея узоқ ўйландим. Мулоҳаза қилсам, актрисага касбий билим маҳорати ғоят зарур экан. Бугун театрдаги фаолиятим давомида ҳам институтда ўрганаётганларим асқатяпти.

Демак, таҳсил олаётганингизнинг асосий сабаби диплом эмас, шундайми?

— Ҳа! Санъат соҳасида кўп йиллардан буён ижод қилиб келаман. Ҳали бирор маротаба ҳам «Дипломли актрисамисиз», деб сўрашмаган. Менимча, бизнинг соҳада энг асосийси, бу — истеъдод. Устозим Жўра Маҳмудов саҳна маданиятидан сабоқ беряптилар. Ўқиш бошланганига бир неча ой бўлган бўлса-да, ўзим учун кўп нарсаларни ўргандим. Энди тасаввур қилинг, институтни тамомлаганимдан кейин менда қандай «багаж» бўлади.

— Ўқиш, театрдаги ишингиз, кино, дубляж, оила, фарзанд тарбияси — улгуряпсизми ҳаммасига?

— Улгуришга ҳаракат қилишим шарт ва лозим. Негаки, мен санъаткорман. Бирини маҳкам тутиб, иккинчисига эътиборни сусайтира олмайман. Оилам мен учун ҳамиша биринчи ўринда. Қизалоғимнинг тарбияси билан алоҳида шуғулланаман. Кино ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Театр эса мен учун янги олам. Профессионал актриса бўлсам-да, саҳна нутқидан мактаб кўрмагандим. Институтда ана шу камчилик ўрни тўляпти. Кўп нарсаларни ўрганяпман. Биласиз, авваллари ўзим ижро этган ролларга овоз бермасдим. Мен экранда актриса Лола Элтоева овози билан гапирардим. Сўнгги икки-уч йил давомида ўзимга-ўзим овоз беряпман. Яшириб нима қилдим, дубляжда қийналаман. Овозлаштириш жараёнида режиссёрдан дакки эшитган пайтларим ҳам бўлган. Саҳна нутқидан дарс олаётганимдан буён талаффузимда ўзгариш пайдо бўлаётгани сезиляпти.

— Институтда ҳамма қатори талабамисиз ё актриса эканлигингиз учун ён босиш борми?

— Айрим вазиятларда устозларим мени тушунишади. Мисол учун, оилавий шароитим туфайли ўқишга боролмай қолсам, ё муҳим тадбир, съёмка белгиланган бўлса... «Биз сизни тушунамиз, ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз, аммо ҳамма талабалар қатори ўқишга келишингиз, дарснинг охирги дақиқасигача шу ерда бўлишингиз керак», дейишади. Қолаверса, мен шартнома асосида ўқийман. Ўқитувчиларимнинг «Тўлаган пулингизни ҳавога совурманг, ўқинг», дея йўл-йўриқ кўрсатишларидан қувонаман.

— Курсдошларингиз билан муносабатларингиз қандай?

— Институтдаги айрим талабалар мени домла, деб ўйлашади чоғи, кўриб қолишса, дарров қўли кўксида салом беришади. Бирам хижолат бўламан (кулиб). Курсдошлар жами йигирма нафармиз. Кўпчилиги мендан кичик йигит-қизлар. Улар орасида иқтидорлилари жуда кўп.

— Ўтган йилдан буён «Киноактёр» театр студиясида ижод қиляпсиз. Кино актрисасининг театрга мослашиши қийин бўлмадими?

— Кино билан театр ўртасида катта фарқ бор экан. Фильм суратга олинаётганда атроф жим-жит бўлади, баланд овозда сўзлаш шартмас. Театрда эса аксинча. Саҳнадаги актёр-актрисанинг овози энг сўнгги қатордаги томошабинга ҳам етиб бориши керак. Кинода матнни унутиб қўйсангиз, кўз мимикаси билан вазиятдан чиқоласиз. Театрда эса бундай қилиб бўлмайди. Бу ерда сўз муҳим саналади. «Киноактёр» студиясида иш бошлаганимда аввалига қийналдим. Режиссёримиз Сайфиддин Мелиев саҳнада қандай ишлаш кераклигини тушунтириб, билмаганларимни ўргатгач, анча «қўлим» келишиб қолди. «Тўмарис», «Бибихоним» тарихий асарларида роль ижро этдим. Жамоамиздаги актёр-актрисалар ўз ишининг усталари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова, Илмира Раҳимжонова, Гулҳумор Абдуллаева каби профессионал актрисалар билан бир саҳнада ижод қилаётганим ҳам менга куч беряпти.

— «Киноактёр» театр студиясининг жамоаси ижодий сафар билан вилоятларда кўп бўлади.

— Ҳа, жамоамиз билан бир қанча вилоятларда бўлдик, спектакллар намойиш этилди. Ижодий сафарлар мен учун янгилик эмас. Ўн олти йил давомида бормаган вилоятим қолмади ҳисоб. Ҳатто, Навоийнинг энг чекка ҳудуди — Учқудуқда ҳам бўлганман.

— Ўн олти йилдан буён санъат соҳасида бўлсангиз, бундан чиқди, ижодни 16 ёшингизда бошлаган экансиз-да?

— Ҳа! «Дилхирож» фильмида эпизод ролим бўлган. Бош қаҳрамонни ижро этган хонанда Севинчнинг дугонасини ўйнаганман. Қаҳрамоним бор-йўғи учта сўз айтади. Ўша пайтлари актриса бўлиш истаги жуда кучли эди-да, суратга тушиб бўлганимга қарамай, режиссёрга айтиб, қирқ кун съёмка жойидан кетмаганман.

Тенгдош ҳамкасбларингиз орасида давлат фильмларида энг кўп суратга тушган актрисасиз?

— Давлат бюджети ҳисобидан суратга олинган фильмларнинг ўндан ортиғида суратга тушдим. Барчаси жамиятимизни ташвишга солган жиддий мавзулардаги картиналар. Бир масалада жуда гапиргим келяпти-ю, айтсамми-айтмасамми деб ўйланяпман.

Нимани назарда тутяпсиз?

— Бу ҳақида беш-олти йилдан буён гапираман дейман-у, яна ўзимни босаман. Энди айтмасам бўлмайди.

— Хўш?...

— Нега бизда халқ учун хизмат қилаётган актрисаларни рағбатлантиришмайди? Мана, мени қийнаган мавзу! Ёмғирми, қорми, фарзандимиз гўдакми, тоби йўқми — ижодий сафарлар, учрашув, тадбирлардан қолмаймиз. «Санъаткорсиз, халқни рози қилинг», дейишади. Жонимизни бериб хизмат қиламиз.

Ҳозир ўзингиз ҳақингизда гапиряпсизми ё...

— Мен қатори бошқа актёр-актрисаларни ҳам ранжитадиган ҳолат бу. Майли, мен ўзимни айтаман. Кўп йиллардан буён кино соҳасидаман. Тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ролларим қанча? Енгил-елпи фильмларда суратга тушмасам, бачкана образлар яратмасам, наҳот йиллар давомидаги меҳнатим рағбатга арзимаса? Ёш актёр-актрисаларнинг мукофот олаётганини кўрсам, ҳавасим келади. Қайси меҳнатлари учун рағбатлантирилди, дея қизиқсам, «Тадбирларда иштирок этади, халқ билан учрашувларда доим фаол», дейишади. Агар санъаткорнинг меҳнати шу билан баҳоланса, мен ўн олти йилдан буён вилоятма-вилоят юрибман.

— Демак, Жамила Ғофурова йиллар давомидаги меҳнатини мукофотланишга лойиқ деб билади?..

— Албатта! Кўплаб актёр-актрисаларни кўраман, узоқ йиллар давомида театр, кинода меҳнат қилишади. Ранг-баранг, эсда қоларли образлар яратишади. Қанчадан-қанча шогирд чиқаришган. Ўзбек санъати номини дунёга танитишяпти, аммо ҳалигача мукофотлари йўқ. Хўш, бу масала билан ким, қачон шуғулланади? Рағбат бу санъаткорнинг ўзига бўлган ишончини оширувчи куч. Биз ундан қанот оламиз, янада ўз устимизда ишлаш истаги пайдо бўлади. Айтмоқчиманки, ҳар бир инсоннинг меҳнати вақти-соати билан қадрланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

— Ўйлаймизки, бу фикр-мулоҳазаларингизни эшитадиганлар топилади. Келинг, энди яна ижодга қайтсак. Профессионал актрисалар кастинг топширмайди, дейишади. Шу ростми?

— Шундай картиналар борки, профессионал актриса бўлсангиз ҳам, ҳамма қатори кастинг топширасиз. Давлат фильмларининг барчасида актёр-актрисалар кастингдан ўтишади. «Кўча»дан ҳаваскорлар таклиф этилмайди. Нигора Каримбоева, Раъно Шодиева каби маҳоратли актрисаларимиз билан бирга кўп бора кастинг топширганман. Улар орасида ўтолганларим ҳам бор, акси бўлганлари ҳам йўқ эмас. «Алданган аёл» фильмидаги Райҳон Уласенованинг қаҳрамонини эсланг. Бу ролни қўлга киритиш учун қанча актрисалар даъвогар бўлишган. Мен ҳам улар қатори «Шу ролни менга беринг, Ҳилол ака», дегандим режиссёримиз Ҳилол Насимовга. У киши эса «Менга қолса, ҳеч кимни хафа қилиш ниятим йўқ, лекин бу роль сеники эмас, мана сенинг қаҳрамонинг», деган.

— «Алданган аёл»даги каби эпизодик ролларингизни кўпчилик эътироф қилади.

— Аммо бу эпизодик ролларга рози бўлаверади, деганим эмас. Айрим режиссёрларнинг таклифини рад қилган пайтларим ҳам бўлган. Негаки эпизод роль бўлса ҳам, қаҳрамонимнинг ўз ўрни бўлишини, ижром эсда қолишини истайман. Мисол учун, «Алданган аёл», «Кечиккан ҳаёт»даги образларим худди шундай «гапиради».

Гонорар Жамила учун қай даражада муҳим?

— Хусусий фильмларда ижром учун ўзим нарх қўяман. Чунки бундай картиналарнинг «тақдири» таваккалдек гап. Ҳатто? сценарийси яхши бўлса ҳам, тайёр бўлгач оммалашмаслиги мумкин. Давлат буюртмаси асосида суратга олинадиган картиналарда актёр-актрисанинг кунлик ижросига гонорар ёзилади. Иш вақти ҳам тартибли. «Камера бўлганида оламиз, обьект топилса келиб-кетарсиз», деган сўз йўқ.

«Саодат» сериалининг иккинчи фаслида суратга тушяпсиз ва яна салбий образда...

— Қаҳрамонимни у қадар салбий ҳам деёлмайман, ҳозирги кунда тўрт-бешта оилаларнинг биттасида учрайдиган келинлардан бири.

Персонажингизни оқламоқчимисиз?

— Йўқ, ундай эмас. Бу аёлнинг ўз ҳақиқати бор. Бахти учун билганича курашяпти. Қайнонасига бўлган муомаласи, турмуш ўртоғига ҳийла ишлатишларини ёқламайман, албатта, лекин айни шундай аёллар ижромни кўришса, балки ўзлари учун хулоса чиқаришармикан, дейман.

— «Бидир-бидир» дуэти ҳақида сўрасам, ҳамкорлик таклифи кимдан чиқди?

— Даврон Эргашев қўнғироқ қилганида, аввалига ишонмадим. «Сизга қайтиб қўнғироқ қиламан», дея суҳбатни қисқа қилдим-да, хонанда Масрур Усмоновга сим қоқдим. «Кимдир мен билан ҳазил қиляпти, Даврон Эргашевман сиз билан дуэт куйламоқчиман деб, у кишининг телефон рақамларини айтиб юборинг», дедим. Масрур аканинг жавобини эшитиб, чиндан ҳам Даврон ака қўнғироқ қилганини билдим. Шундан кейин Даврон Эргашев билан боғланиб, унинг мен билан дуэт куйлаш истагидан хабар топдим. Кўришдик, қўшиқ ҳақида маслаҳатлашдик ва «Бидир-бидир» номли дуэт ёздик. Қисқа фурсат ичида таронага клип суратга олинди.

— Танқидлар бўлди чоғи?

— Клип сюжетини қайсидир хорижий хонанданинг видео кетма-кетлиги, дейишди. Аслида эса ҳеч кимдан ҳеч қандай ғоя ўғирланмаган. Оилавий вазият кўрсатилган, холос.

— Жамила, вақт ажратганингиз учун миннатдормиз. Сиздан нафақат кинода, балки театрда ҳам янгидан-янги ролларни кутиб қоламиз!

— Раҳмат!

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди

Фотомухбир: Ғайрат УБАЙДУЛЛАЕВ

    Бошқа янгиликлар