Суднинг қарори билан Д.Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Текшириш давомида вилоят прокуратураси томонидан киритилган тақдимнома асосида халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши томонидан Д.Раҳматуллаевни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Текшириш натижасига кўра, Д.Раҳматуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Андижон шаҳар ҳокими Д.Раҳматуллаев шу йилнинг 16 октябрь куни шаҳардаги бир қатор таълим муассасалари раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ёзилган аудиоёзув интернетда тарқалган ва бу ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан текшириш бошланганлиги хабар берилганди.






