Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида Қизириқ туманида яшаётган 3 нафар кам таъминланган, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар учун ногиронлик аравачалари тақдим этилди.
— Оила, рўзғор ташвишлари деб аравача сотиб олишга ҳеч маблағимиз бўлмади, рости. Аммо у жудаям керак эди. Оғиримизни енгил қилган, ҳолимиздан хабар олган давлатимизга, Ёшлар иттифоқига раҳмат”, — дейди қизириқлик Шаҳноза Тўхтамишованинг онаси.
Худди шунга ўхшаш хайрия ишлари Термиз туманида ҳам давом этмоқда.
Айни кунларда мактабларда ўқувчиларнинг дарсда иштирок этиши, билим даражасининг қай даражада эканлигини аниқлаш, ушбу соҳада ишларни жадаллаштириш мақсадида турли рейдлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Термиз туманидаги “Янгиариқ” МФЙдаги мактаблар ҳолати ўрганилганида давоматнинг пастлиги, дарс жараёнларида айрим ўқувчиларнинг иштирок этмаслиги ҳолатлари аниқланди.
Ушбу ҳолатнинг сабабини аниқлаш учун хонадонларга бориб, суҳбатлар ўтказилди. Суҳбат жараёнида баъзи ўқувчиларнинг оиласи кам таъминланганлиги, қишки уст-бош ҳамда керакли анжомларнинг етарли эмаслиги, бу эса совуқ кунларда мактабга бориш учун қийинчилик туғдираётгани ҳолатлари аниқланди.
Бугун халқ манфаатини ўйлайдиган, ўз иш фаолиятида ватан корига ярашни асосий мезон деб биладиган кадрлар сони кўпайиб бормоқда.
Хуллас, юқоридаги ҳолатдан хабар топган Термиз туман прокурори А.Ҳасанов савобли ишни бошлади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Термиз туман Кенгаши ҳамкорлигида ҳомийларни жалб қилган ҳолда жами 16 млн 800 минг сўм миқдорида хайрия маблағлари йиғилди ҳамда 42 нафар кам таъминланган, ногирон ҳамда қалби кемтик бўлган болали оилаларга тарқатилди.
Шундан сўнг, болалар кийим-кечак дўконларига ташриф буюришиб, қишки уст-бош харид қилишди.
Қадимда ота-боболаримиз : “Янги кийим кийган боланинг бўйи бир қаричга ўсади”, — деган фикрни айтишган. Болажонларнинг кўзидаги қувончи, уларнинг хурсандчилигини кўриб бу сўзларга яна бир бор амин бўлдик.
19.12.2017 11:17
СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ КЕНГАШИ БАРЧА ЕТАКЧИЛАРГА ЎРНАК БЎЛИШГА АРЗИГУЛИК ТАШАББУС КЎРСАТДИ






