Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан давлат солиқ хизмати органларида фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, расмий www.soliq.uz веб-сайти орқали тизим мансабдор шахслари қабулига «Онлайн» режимида ёзилиш имкониятини берувчи «Электрон қабулхона» интерактив хизмати жорий этилган.
Фуқаролар ушбу интерактив хизмат ёрдамида куннинг исталган вақтида давлат солиқ хизмати органларининг раҳбарлари ҳамда мансабдор шахслари қабулига ёзилиш бўйича сўровнома беришлари мумкин.
Мазкур хизматдан мобил қурилмалари учун мўлжалланган «Солиқ» мобил иловаси ёрдамида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг Ягона интерактив хизматлар портали – my.gov.uzорқали фойдаланиш мумкин.
Фуқаролар ушбу хизматдан фойдаланган ҳолда давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари қабулига ёзилиш учун мансабдор шахсни танлаб, ўзига тегишли маълумотларни яъни, телефон рақами, электрон почта ва яшаш манзили ҳамда мурожаатнинг қисқача мазмуни ёки мақсадини қайд этиши лозим.
Қабулга ёзилган фуқароларга уларнинг электрон почта манзили шунингдек, www.soliq.uz веб-сайтидаги ёки my.gov.uzЯгона порталидаги шахсий кабинетига сўровлари қабул қилинганлиги тўғрисидаги хабарнома юборилади.
Эслатиб ўтамиз, қабулга ёзилган ва белгиланган вақтида келган фуқаро навбатсиз қабул қилинади.






