Марғилон шаҳридаги Надирмат МФЙга қарашли 2 қаватдан иборат 7- ҳамда 9- уйлар қурилганига 39 йил бўлибди. Вақт ўтган сари мустаҳкамлик даражаси қисқариб борган уйларнинг айрим қисмлари таъмирталаб бўлиб қолганди. Айниқса том қисми билан боғлиқ муаммолар бевосита хонадонларга ҳам ўз таъсирини кўрсатган.
30 та хонадондан иборат уйларда 100 га яқин фуқаролар истиқомат қилишади. Юзага келган муаммоларни бартараф этиш масаласида Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мурожаатлар ҳам қилинган.
Уйлар жойлашган ҳудуд йўл харитаси бўйича Марғилон шаҳар прокурори секторига киритилган. Фуқаролар мурожаатлари бўйича прокуратура ҳамда 2-сектор маъсуллари ҳамкорлигида аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари ўрганилди. Уй жойларга хизмат кўрсатувчи ширкатлар фаолияти йўлга қўйилганидан кейин унга аъзо бўлган аҳоли яшаш жойларидаги аҳвол тамомила ўзгариб бормоқда. 7- ва 9-уйларда истиқомат қилувчилар ширкатга аъзо бўлмаганликлари боис масъуллар эътибори биринчи навбатда фуқароларда ширкатларнинг афзалликлари ҳақида тушунчалар шакллантиришга қаратилди.
Уйлардаги аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилган чора тадбирлар режасига асосан, қурилиш ташкилотларига таклифлар киритилиб, ширкатларни ўйлантирадиган масалаларда кўпчилик биргаликда кенгашди. Таъмирлаш ишларини амалга ошириш бевосита маблағга қадалиши аниқ. Энг қулай усул банк кредитларидан фойдаланиш. Банк томонидан молиялаштирилишининг эса қонуний устиворлик томонлари бор. Мазкур масалада эса шаҳар прокуратураси ташаббуси мақул топилди.
Ҳамкорликда қилинган ҳаракатда самара катта эканлигини бугун 7- ва 9-уйлардаги аҳоли турмуш даражасида бевосита кўриш мумкин. Коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммолар хал этилганидан одамлар хурсанд.
Фарида опа Якубова 7-уйнинг 5-хонадонидан яшаб келади. Ўтган йиллардаги қор-ёмғирли кунлар ташвишларига барҳам берилганидан кўплар қатори кайфиятлари чоғ. Мутасаддилар кўмагида уйнинг том қисми шифер билан ёпилган. Ташқи кўриниши эса обод ва озода ҳаёт барқарорлигидан далолат бермоқда.
Маҳалладаги 9-уйда қурувчилар сўнгги ишларни давом эттиришяпти. Яшаш учун бир қадар имконияти муаммога айланган уй ҳам унда истиқомат қилувчилар эҳтиёжларига мос холга келтирилади.
Фуқароларнинг мурожаатларида болаларнинг ўйин майдонлари билан боғлиқ холатлар ҳам қайд этилганди. Чора тадбирлар режасини тузишда ушбу муаммони хал этиш инобатга олинган. Ва болалар майдончаларни қуриш ишлари ҳам давом эттириляпти. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да биргина Марғилон шаҳридаги Надирмат маҳалласидаги иккита уйда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Фуқароларнинг турмуш фаровонликларини таъминлаш давлат эътиборида эканлигини инобатга олсак, одамларда "Ўз уйингни ўзинг асра" деган нақлга амал қилиш яшашдек ибрат қолмоқда.
Аҳрор Зиё, Фарғона






