Ўзбекистон Президентининг халқ қабулхоналари асосида Тезкор давлат хизматлари агентлигини ташкил этилади. Бу ҳақда Конституциянинг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Янги агентлик тузилмаси Президент девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматига алоқадор бўлади. У барча давлат идоралари ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ягона дарча» марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни ўзида бирлаштиради.
«Ана шундай тизимни йўлга қўйсак, ўйлайманки, халқимизга катта енгиллик яратилади, одамлар биздан рози бўлади», - деди Шавкат Мирзиёев. У ҳукуматга 15 кун муддатда ушбу масала бўйича Президент қарори лойиҳасини киритиш вазифасини топширди.
Президент виртуал қабулхона, сўнгра давлат раҳбарининг халқ қабулхоналари очилгандан буён 1,5 миллиондан зиёд мурожаат ўрганиб чиқилганини қайд этди.
«Барчамиз яхши тушунамиз, халқимизнинг ҳаёт даражаси ўсиши, кўпгина муаммолар ҳал қилиниши билан Халқ қабулхоналарига мурожаатлар камайиб боради. Шунинг учун бу қабулхоналар имкониятларини биз давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига йўналтирамиз», - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.






