Ойналарингиз ялтираб туриши учун
600 мл. сувга 1 ош қошиқ истеъмол содаси қўшинг. Аралашма билан пластик ойна ромларини артиб, сўнгра тоза сув билан ювиш лозим.
Ойнани қуёшли ёки жуда совуқ кунларда ювманг. Қуёш таъсирида доғларни кўз илғамайди, изғиринда эса улар тез қуриб, шишадек қотиб қолади ва доғ ҳосил бўлади.
Агар ойнада ёғли доғлар бўлса, иссиқ сувга нашатир спирти қўшиб, уларни тозалаш мумкин.
1 чой қошиқ туз солинган сувда 15-20 дақиқа чойни дамлаб қўйиб, капрон матосини намлаб олинг. Ялтираб қолган кўзгуларни артинг. Ёки 1 ош қошиқдан суюқ совун (тиш пастаси ҳам бўлади) ва сиркани 1 стакан сувга солиб, тозалаш ҳам мумкин. 15 дақиқадан сўнг тоза сувда ювиб, газета билан артиш керак.
Картошкани айлана бўлакларга бўлиб, кўзгуни тозаланг. Сўнгра совуқ сув билан ювиб, қуруқ мато билан артиб чиқинг.
Агар кўзгудаги доғлар бўлса, пиёз асқотади. Пиёзни икки бўлиб, кўзгуни тозаланг. 5-6 дақиқадан сўнг қуруқ мато ёки қоғоз билан артиб олинг.
Идиш ювишга мўлжалланган воситани сувга солиб, кўпиритиб, кўзгуларни тозалаш ҳам мумкин.
Кўк чой билан ювиш уларни янгидек кўринишга келтиради.






