АсосийSUG'DIYONA

ПАРДАЛАРНИ ЮВАМИЗМИ?

'ПАРДАЛАРНИ  ЮВАМИЗМИ?'ning rasmi

Уйнинг деразаларини хонадонимизнинг кўзлари десак, ундаги парда ва жалюзлар қош ва киприк вазифасини бажаради. Хўш, сиз мана шу «кўзлар» ҳамиша порлаб туришини истайсизми? У ҳолда парданинг матосига мос ювиш, дазмоллаш ва тартибга келтириш қоидалари билан танишинг.

! Дераза пардаларини бир йилда икки марта ювиб туриш лозим. Парданинг устки безаги қалин матодан ишлангани боис уни чанг тозалагич билан артиб олса ҳам бўлади. Жалюзлар учун эса бир ойда бир марталик озодалик кунлари кифоядир.

ЎЗИМИЗ ЮВАМИЗМИ ЁКИ?

ҳозирда кимёвий тозалаш хизматлари пардаларнинг исталган турини янгидай қилиб бериши мумкин. Ушбу хизмат асосан марварид ёпиштирилган ёки нақшин кашталар тикилган, тўрдан тўқилган пардалар учун мўлжалланган. Яъни уй шароитида ювишга чўчисангиз, кимёвий тозалашга мурожаат этинг. Нарҳ-навосига келсак, парда матоси ва унинг узунлигига қараб белгиланади.

БИЛИБ ҚЎЙГАН ЯХШИ

  • Пардани ювишдан олдин очиқ ҳавода яхшилаб чангини қоқиш лозим;
  • Сўнгра катта тоғорага солиб, устидан совуқ сув оқизиб қўйилади.
  • Агар парда матосида каттароқ доғ бўлса, кимёвий тозалаш воситалари ёрдамида унга ишлов беринг. Сўнг кир ювиш машинасига жойлашингиз мумкин.
  • Дастёрингизга айланган кир ювиш машинаси парда матосини ғижимлаб юбормаслиги учун «майин» (деликатный) тизимига созланг.
  • Ювилган пардани қуёш нурида қуритиш қатъиян ман этилади. Акс ҳолда парда матосида сарғимтир доғ пайдо бўлиши мумкин.
  • Ранги ва сифатини тез йўқотишга мойил бўлган ошҳона пардаларини бир кун аввал тузли сувда ивитиб қўйинг. Эртасига эса кир ювиш кукунини қўшиб, ишни давом эттирсангиз бўлади.
  • Агар парда матосида ёғ доғига кўзингиз тушса, ўша жойини сирка ва сув аралашмасида артиб олинг.
  • Бахмалдан ишланган портьерлар устидаги чангни юмшоқ чётка билан артиб олсангиз кифоя. Агар портьер устида доғ бўлса, спиртда намланган мато билан артиш лозим.
  • Гобеленларни нам салфетка билан артиб, сўнг чанг ютгич билан тозаланг.
  • Шокилали портьерларни асло сувга солиб бўлмайди. Тозалаш учун нам мато ва чанг тозалагичдан фойдаланасиз, холос.

МАТОСИГА КЎРА ...

ТЮЛЬ

Нафис мато ҳисобланган тюльни ювиш жуда осон. Ягона шарти қаттиқ сиқимаслик керак. Йўқса ғижими узоқ сақланиб қолади. Ювилган тюльни хўллигича илиб қўйилса, бир неча соатда қуриб, дазмоллашга ҳам хожат қолмайди.

ЛАБРЕКЕН

Асосий парданинг ён тарафига безак ўрнида ишлатилаётган лабрекен матосини ювиш тавсия этилмайди. Дағал мато бўлгани билан сув таъсирида крахмали камайиб, таранглини йўқотиши мумкин. Кирланган лабрекенни нам матода артиб олса бўлгани.

БАХМАЛ

Ётоқхона деразаларига иккинчи парда сифатида тикилаётган бахмални кир ювиш машинасига солмаганингиз маъқул. Илиқ сувга ивитиб, кир ювиш кукуни билан енгил ишқаланг-да, қўлда аста сиқиб олинг. Сўнг узунлигича қуритинг. Дазмоллашда мато тукларининг йўналиши бўйича ҳаракатланинг.

ОРГАНЗА

Бу турдаги пардани юваётганда рангли матолар учун мўлжалланган кир ювиш кукуни ёки воситасидан фойдаланиш лозим. Мато тўқимаси кўринишини йўқотмаслиги учун қаттиқ сиқиш ҳам тавсия этилмайди.

ЗИҒИР ТОЛАСИДАН ИШЛАНГАНИ

Замонавий интерьерда зиғир толасидан ишланган матоларни кўриш одатий ҳолга айланиб бораётгани сир эмас. Ушбу мато сувга чидамли бўлгани билан нотўғри ювилганида кўринишини йўқотиши ҳеч гап эмас. Айниқса матони қаттиқ сиқсангиз ёки ишқаласангиз, чок қисмидан чўзилиб кетади.

ШОЙИ

Матолар ичида «инжиқ»лиги билан ажралиб турувчи шойини яхшиси кимёвий тозалаш хизматига берганингиз маъқул. Ушбу мато юзасида доғ пайдо бўлиши жуда осон. ҳатто кир ювиш кукунинг зарраси ҳам бу ишни осонгина бажариши мумкин. Борди-ю, шойи пардани уй шароитида тозалайман десангиз, ош тузи солинган сувда ивитиб, сўнг совуқ сувда чайиб олинг. Дазмоллаганда эса мато намроқ (лекин хўл эмас) бўлишига аҳамият беринг.

ОШХОНА ПАРДАСИ

ПАРДА БЕЗАКЛАРИ

    Бошқа янгиликлар