20.02.2014 16:17
Васиятнома мажбурий ёздирилган тақдирда қандай йўл тутиш керак?
Ушбу ҳолат юзасидан жавобни Ўзбекистон Адвокатлар палатаси мутахассислари тақдим этишди:
Жавоб: Агар онангиз руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган ҳолатда бўлса, уни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 30-моддасига мувофиқ, суд қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин ва онангизга васийлик белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни унинг васийи амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 119-моддасига биноан, руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 121-моддасига кўра эса, гарчи муомалага лаёқатли бўлса-да, бироқ битим тузиш вақтида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган ҳолатда бўлган фуқаро томонидан тузилган битим шу фуқаронинг ёки ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бундай битимни тузиш натижасида бузилган бошқа шахсларнинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Кейинчалик муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан тузилган битимни, агар битимни тузиш пайтида фуқаро ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмаганлиги ёки уларни бошқара олмаганлиги исботланган бўлса, унинг васийи қилган даъвога мувофиқ суд ҳақиқий эмас деб топиши мумкин. Бундан ташқари, битим тузиш пайтида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмаган ёки уларни бошқара олмаган тарафга иккинчи тараф, агар у ўзи билан битим тузган фуқаронинг бундай ҳолатда эканлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, қилинган харажатларни, йўқотилган мол-мулкнинг ёки унга етказилган шикастнинг ҳақини тўлаши керак. Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 1130-моддасида кўра, тегишли шаклда тузилмаган васиятнома ҳақиқий эмас. Васиятнома ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ушбу васиятномага биноан меъросдан маҳрум бўлган меросхўр умумий асосларда меърос олиш ҳуқуқига эга бўлади.





