АсосийSUG'DIYONA

ҲОМИЛА НЕГА НОБУД БЎЛАДИ?

'ҲОМИЛА НЕГА НОБУД БЎЛАДИ? 'ning rasmi

Ой санаб, кун санаб, дунёга келишини кутиб юрган фарзанди нобуд бўлиши – бўлажак она учун улкан қайғу. Ота-оналар кўп берадиган савол: нега? Нима учун шундай бўлди? Афсуски, бу саволга бир сўз билан жавоб бериш қийин, сабаблар кўп ва мураккаб. Уларни аниқлаш учун текширувларни ўтказиш керак. Єуйида биз ҳомиланинг нобуд бўлишига олиб келувчи асосий сабабларни келтирамиз.

Онадаги касалликлар

Ҳомиланинг нобуд бўлишига олиб келувчи энг кўп учрайдиган сабаблардан бири – плацента ва қоғоноқ суви муаммоларидир. Онада юрак-қон томир, қон касалликлари, буйрак етишмовчилиги, камқонлик, назоратсиз ёки ташхисланмаган диабет каби хасталиклар бўлиши ҳомила учун катта хавфдир. Шунингдек, ҳомиладорларда кузатиладиган кечки гестоз ҳам ҳомила ўлимига олиб келиши мумкин. Бу касалликда қон босими ортиб кетиб, организм шишади. Шунингдек, сил, заҳм, гепатит, қизамиқ, қизилча, грипп ва бошқа инфекцион касалликлар ҳомилани жиддий зарарлайди. Бунда ҳомила ё она қорнида нобуд бўлади, ёки жиддий нуқсонлар билан дунёга келади.

Ташқи таъсирлар

Наркотик моддалар, алкоголь ва никотин ҳомила нобуд бўлишининг асосий сабабларидан бири. Шунингдек, шифокор тавсиясисиз қабул қилинган дори воситалари ҳам шулар жумласидан. Ҳомиладор аёл турли кимёвий аралашмалар, оғир металлар билан заҳарланиши ҳам ҳомиланинг нобуд бўлишига олиб келади. Бунда она ҳомиладор бўлмасидан аввал шундай заҳарланишга дучор бўлган бўлса ҳам, ҳомилага таъсир этиши мумкин. Шу сабабли кимёвий воситалар ва оғир металлардан заҳарланган аёллар ҳомиладор бўлганида, мунтазам шифокор назоратида туришлари керак.

Ҳомиладаги нуқсонлар

Ҳомиладорликнинг бошида ҳомила хромосом нуқсонлар туфайли, ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида эса узоқ давом этган кислород етишмаслиги ҳомила нобуд бўлишига олиб келиши мумкин. Ҳомиланинг юрак, буйрак ва асаб тизимидаги жиддий нуқсонлар унинг ўлимига олиб келувчи асосий сабаблар деб қаралади.

Резус зиддият

Кўпинча она ва бола қонидаги резус зиддият ҳомила ўлимига сабаб бўлади. Бу мавзу ҳақида аввалги сонларимизда ҳам тўхталганмиз.

ТОРЧ инфекциялар

Ушбу гуруҳга кирувчи 5 асосий вирус ҳомилага катта хавф туғдиради. Аммо вирусларни назорат қилиб туриш мумкин. Шу сабабли ҳомиладорлик режалаштирилаётган пайтдаёқ аёллар ўзларида шу инфекцияларнинг мавжудлиги ва миқдор кўрсаткичини аниқлаш учун таҳлиллар топширишлари керак.

Ўқига ўралиб қолиши

Ҳомила она қорнида киндик ўқига ўралиб қолиши мумкин. Агар бу вақтида аниқланмаса ва чора кўрилмаса, бола бўғилиб ўлиб қолади.

Турли шикастликлар

Баъзида она ўзини эҳтиёт қилмаслиги оқибатида ёки бошқа бирон бахтсиз ҳодиса туфайли қаттиқ жароҳат олиши мумкин. Масалан, автоҳалокат, йиқилиб тушиш ва ҳоказо. Бунда бола нобуд бўлганини баъзан кучли қон кетишидан билса ҳам бўлади. Баъзида эса умуман белгиларсиз кечиши мумкин. Шу сабабли бундай ҳолларда дарҳол ҳомилани ультратовуш текширувидан ўтказиш керак.

Кўп ҳомилали ҳомиладорлик

Бунда кўпинча ҳомилалардан бирининг нобуд бўлиши кузатилади. Бунинг сабаблари талай: ҳомилага қоннинг етарлича етиб бормаслиги, ўқига ўралиб қолиш ва ҳоказо. Кўпинча, иккинчи ҳомилани сақлаб қолиш учун ҳомиладорлик жараёни тўхтатилмайди, фақат мунтазам кузатиб борилади.

Нима учун ўғил ҳомила?

Баъзи аёлларнинг бир эмас, бир неча бор ҳомиласи нобуд бўлиши мумкин. Баъзан фақат ўғил ёки фақат қиз ҳомилалар ўлиши кузатилади. Статистик маълумотларга кўра ўғил ҳомилалар қизларга қараганда 10 фоиз кўпроқ нобуд бўлар экан. Бунда кўпинча ё инфекциялар, ёки резус зиддият сабаб қилиб кўрсатилади. Ҳар нима бўлганида ҳам, сабаб аниқланиб бартараф этилмагунча бу ҳол давом этиши мумкин. Агар такрор ва такрор ҳомила нобуд бўлиши кузатилаётган бўлса, навбатдаги ҳомиладорликни режалаштираётганда малакали мутахассисга мурожаат этиш керак. Аввало, аниқ ташхислаш, кейин тўғри чоралар қўллаш орқали аёл организмининг ҳомиладорликка энг тайёр пайти кутилади, шу пайтда ҳомиладор бўлиш учун ҳаракат қилинади. Кейин ҳомила ривожи мунтазам кузатувда бўлиб, онанинг иммунитети ошириб борилади ва руҳий хотиржамлиги таъминланади. Резус-зиддият бўлса, унинг чораси кўрилади. Ҳомила маълум муддатга етгач, ой-куни етмаган бўлса ҳам, ташқи ҳаётда яшаб кетиши мумкин. Борди-ю она қорнида унга бирон хавф туғилса, болани муддатдан олдин туғдириб олиш ҳам мумкин. Аммо буни шифокор ҳал қилади.

Олиф тоифали шифокор гинеколог Моҳира Содиқова тавсиялари асосида Шаҳноза Тўрахўжаева тайёрлади

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Бошқа янгиликлар