АсосийSport

“Олтин тўп”га учта даъвогарнинг номи эълон қилинди

“Барселона” форварди Лионель Месси, “Реал” клубининг ҳужумчиси Криштиану Роналду ва “Бавария” ярим ҳимоячиси ФранкРибери –  дунёдаги энг яхши футболчига бериладиган “Олтин тўп” мукофотига даъвогарлар сифатида эълон қилинди, дея хабар беради “Goal.com” сайти.

Ушбу футболчилар мукофотга 23 нафар номзод кирган кенгайтирилган рўйхатдан танлаб олинди. Улар бош мураббийлар ва миллий терма жамоаларнинг сардорлари ҳамда ОАВ вакиллари орасида ўтказилган овоз бериш жараёни орқали аниқланди.

Шунингдек, овоз бериш якунларига кўра, “Олтин тўп” соҳиби ҳам танланади. Унинг номи 2014 йил 13 январда Цюрихда бўлиб ўтадиган ФИФАнинг тантанали маросимида маълум бўлади.
Қайд этиб ўтамиз, Месси охирги тўрт йил ичида шу мукофотга сазовор бўлган эди. Роналду “Олтин тўп”ни 2008 йилда, “Манчестер Юнайтед” учун ўйнайдиган пайтида олган. Рибери эса ўз фаолиятида илк бор энг яхши футболчи мукофотига номзодлар учталигидан ўрин олди. 

Бундан ташқари, ФИФА йилнинг энг яхши мураббийси мукофотига номзодлар учталигини ҳам эълон қилди. Булар “Манчестер Юнайтед” мураббийси Алекс Фергюсон, “Бавария”нинг собиқ мураббийси Юпп Хайнкес ва Дортмунднинг “Боруссия” клуби мураббийси Юрген Клопп.

    Бошқа янгиликлар