АсосийSUG'DIYONA

СЎҚҚАБОШ ЭРКАКЛАР НЕГА УЙЛАНМАЯПТИ?

'СЎҚҚАБОШ ЭРКАКЛАР НЕГА УЙЛАНМАЯПТИ?'ning rasmi

Охирги пайтларда таҳририятга бир хил мазмундаги қўнғироқлар кўп бўлди. Мурожаат эгалари — ўғлинининг бошини икки қила олмаётган оналар. Бирининг турмуши бўлмаган, бирининг аёли бевақт вафот этган, яна бошқаси эса кўнглидагини тополмаганиданми, ёши қирққа қараб кетса ҳам, олахуржинни елкасига осмаган... Шундай эркаклар муаммосининг сабабларини ўрганиш учун руҳшунос Барно ИЛҲОМОВАга юзландик.

1-сабаб: она-ўғил муносабатларидаги хатоликлар

Турмуш, бу — мушт. Эр-хотин ўртасида ҳар куни тушунмовчиликлар, тортишувлар бўлиб туради. Хўш, оналар бундай вазиятларда ўғилларига (у уйланиш ёшида бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар) қандай таъсир ўтказишаяпти? Боланинг олдида жанжални давом эттираверасизми? Ёки жафокаш кетгач, аламингизни фарзандларга тўкиб соласизми? Эрингиздан нолиб, ўғил-қизингиз кўз олдида йиғлайсизми? Агар шу уч саволнинг бирига бўлса-да, «Ҳа, шундай бўлиб туради», дея жавоб берсангиз, демак, эр-хотин ва ота-она-бола муносабатлари ўртасида чегара ўрната олмабсиз. Мана шу чегара йўқ экан, фарзандларингизни оилавий ҳаётга муносиб тайёрлай олмайсиз. Уларнинг онгига оилада шундай келишмовчиликлар бўлиб туради, деган фикр эмас, оила — жанжалнинг макони деган хулоса ўрнашиб қолади.

Чора: келажакда фарзандларингиз оиласида муаммо бўлишини истамасангиз, кўз очиб-кўргани билан тиниб-тинчиб кетишини хоҳласангиз, (бу аслида ҳар бир онанинг нияти), эрингиз билан салбий муносабатларингизни уларга ошкор қилманг. Турмуш ўртоғингиздан ёзғириб, болаларнинг миясини заҳарламанг. Эрингиз хиёнат қилган ёйинки сиз билан ажрашган тақдирда ҳам, болаларингизнинг отасилигича қолади. Ота-бола ўртасидаги риштани ҳеч қачон ҳеч қанақасига узолмайсиз.

2-сабаб: тўйдан олдин ноғора чалиш

Афсуски, уйланиш ёшига етган ўғли онасига байрамда совға берганида ё бирор топшириғини «лаббай» дея бажарганида, негадир уни мақтаб қўйиш ўрнига огоҳлантирадиган аёлларнинг пичинг қилишлари ҳам қулоққа чалиниб туради: «Эртага уйлангач, ўзгариб қолмасанг бўлди!» Ёки аллақачон катта бўлган боласи билан тортишиб қолганида, «Уйланмасингдан шунақасан, хотин олгач, умуман мени менсимай кетсанг керак», дея танбеҳ берадиганлар ҳам йўқ эмас. Бу гап-сўзлар йигит кишининг онг остига маҳкам ўрнашиб олади-да, қўрқувга айланади.

Чора: барака топгур оналар, гап-сўзингизга разм солсак, аслида ўзингизнинг болангизга берган тарбиянгиздан кўнглингиз тўқмаслиги ойдинлашади. Сиз ўғлингизни етарли даражада меҳрли, оқибатли қилиб тарбияламабсизки, бўлажак келин ўзига оғдириб олишидан қўрқаяпсиз. Мана шу бўлмағур ҳадикни йигит кишининг кўнглига кўчирманг. Оила қургач, у сизнинг фикрларингиз исботини қидиради. «Аёл киши ёмон бўлади, у эркакни қўлга олишни истайди», деб қўрққан олдин мушт кўтар қабилида иш тутиши мумкин. Ёхуд тақдир бўлиб, пешанасига нобопроқ аёл битилган бўлса, қарашлари исботини топади-ю, иккинчи марта уйланишни истамай қолади. Шунинг учун тилга маҳкам бўлинг!

Фото:

3-сабаб: психологик жароҳат

Єайта уйланишни истамаётган эркакнинг энг катта муаммоси унинг қайсидир воқеадан қаттиқ синганидир. Бунга кўп ҳолларда аёлнинг жуфтига қилган хиёнати сабаб бўлади. Хуллас, қандайдир катта-кичик сабаблар билан оила дарз кетди. Эркак энди «Аёл — ҳақиқий душман бўларкан» деган қарорга келади. Ва кўзига ҳамма аёллар шундай кўринади. Ёки рафиқасининг вафотидан тушкунликка тушиб қолади.

Чора: эркакларга ҳаётнинг синовлари, қийинчиликлари бизни йиқитиш учунмас, аксинча ўрнимиздан туриб, тикланиб олишимиз учун берилишини тушунтиришимиз керак. Умуман олганда, болаликдан шуурларига сингдиришимиз лозим. Мадомики, ўғлингиз, укангиз ёки акангиз ўзини ўнглаб ололмаётган экан, у билан, албатта, мутахассис ишлаши лозим. Чунки эркакларда бу жараён қийин кечади ва улар бўлиб ўтган воқеаларни тез унутиб кетишга қодир эмаслар. Инсон пешанасига ёзилганини кўради, тақдирни норозилик биланмас, курашлар билан ўзгартириш кераклигини ҳам уқтириш лозим.

4-сабаб: болаларни ўгай онадан асраш

Хотини билан ажрашган ёки рафиқаси вафот этгач, болаларини бегона аёлга ишонмаётган эркаклар ҳам учраб туради. Бир томондан, эр киши ўз эҳтиёжларидан ҳам фарзандларининг руҳий ҳолатини устун қўйиши қувонарли. Аммо муаммо шундаки, ота онанинг ўрнини боса олмайди. Ҳар бир бола тўлақонли оилада вояга етишга ҳақли. Яна болалар улғайгани сари нега уни отаси ёлғиз катта қилаётганига қизиқади, бундан азобланади. Бунинг устига, эсини таниб олгач, унинг янги онаси билан муносабат ўрнатиши янада қийинлашади.

Чора: болаларингизга ҳаддан зиёд қайғураётганингиз учун уларни она меҳридан айираётганингизни тан олишга ҳаракат қилинг. Кейин барча аёллар сиз ўйлагандек бемеҳр, тошбағир эмас. Эркак киши бегонанинг боласини болам дейиши мушкулдир, аммо она учун боланинг бегонаси йўқ. Єўрқманг, яхшилаб сўраб-суриштириб, аввалдан муносабатларни тўғри йўлга қўйиб, оила қурсангиз, муаммолар келиб чиқмайди. Оиланинг бошлиғи сиз экансиз, масъулиятни ҳис қиларкансиз, аёл ва бола ўртасида кўприк бўла оласиз.

5-сабаб: сўққабошлик — қулайлик

Ҳа, айниқса, бу қулайликни оналар яратиб беради. Кийимлар ювилган, дазмолланган, иссиқ овқат тайёр, болалар бўлса, улар ҳам қанотингиз остида, топган пулини хотинидан кўра минг марта тежаб ишлатаяпсиз, унга маза, қулоғи тинч, эрки қўлади, тергаб турадиган, жиғига тегадиган хотин йўқ. Бора-бора у бу қулай ҳаётга кўникиб қолади ва уни ўзгартириб юборадиган одам ҳаётига кириб келишини истамайди.

Чора: барча масъулиятни елкангизга ортиб, келинсиз ҳовлининг бор юмушини қойиллатиб бажариб юраверсангиз, ўғлингизни қайта уйлантиришингиз масаласи масалалигича қолиб кетиши мумкин. Аёл киши бажариши керак бўлган вазифаларни унинг ҳам гарданига юкланг. Овқат пиширсин, кўйлак дазмолласин, боласи касал бўлса, ўзи қарасин. Балким шунда ҳар бир оила, ҳар бир эркакка аёл кераклигини тушуниб етар.

6-сабаб: уйланишга мажбурлик мажбурияти

Ўғлини уйлантира олмаётган оналарнинг тилига «Єийналиб кетдим. Келин келса, хотиржам бўлардим» каби жумлалар кўчган бўлиши аниқ. Бундай миннатлар, илтимослар натижаси ўлароқ эркак «Ўзим оила қуришни истамаётган бўлсам, демак, ота-онамнинг роҳати учунгина уйланишим керак экан-да», деб ўйлаши билан оила қуриш масаласидан, сиз билан суҳбатлардан қоча бошлайди.

Чора: гапириш билан гапиришнинг фарқи бор. Сиз фарзандингизга ота-она учунмас, ўзи учун оила қуриши лозимлигини тушунтиринг. Оила ғавғонинг уяси эмаслиги, аёл фақат келин бўлмаслиги, оилали эркакнинг ҳаёти фаровон, тўкис, ишлари беш бўлишини яхши гап, яхши мисоллар билан уқтиринг. Агар у сизни тинглашни истамаса, кўнглига яқин одамлар орқали қарашларини ўзгартиришга уриниб кўринг.

7-сабаб: бахтсиз турмушнинг зарбаси

Оиланинг дарз кетишига фақат аёл ё фақат эркак айбдор бўлмайди. Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, бунда икки томоннинг ҳам «ҳисса»си 50/50. Агар эркак 100 фоиз ўз вазифаларини бажарган, аммо аёл оилани асрай олмаган бўлса, у иккинчи бор турмуш қуришни пайсалга солмасди.

Чора: эркак кишининг ўзига бўлган ишончини ошириш керак. Бунинг учун вақт, лозим бўлса, мутахассис кўмаги талаб этилади.

8-сабаб: номаълум муаммолар

Хўш, сочига оқ оралаган, ёши қирққа қараган йигитлар нега уйланиш масаласида бир қарорга кела олишмайди? Агар оналарни шу савол ўйлантираётган бўлса, демак, ўғиллари билан самимий муносабат ўрната олишмаган. Унинг дарди, муаммоси нимадалигини билишмайди.

Чора: муаммонинг илдизини топиб, уни ҳал қилишга кўмаклашиш лозим. Асло уйлан дея мажбурламанг. 30 ёшдан ошган эркак ўзи учун ўзи қарор чиқара олади.

9-сабаб: «У ўпоқ, бу сўпоқ»

Баъзи йигитлар келинликка номзодларни шундай элакдан ўтказишадики, ҳайрон қоласан киши. Биттаси озғин, яна бири тўлача, яна қайсинисинингдир бўйига, кимнингдир ишига гап топиб, тўйни орқага суриб юраверишади.

Чора: биринчидан, оналар бу борада уларга «ўрнак» кўрсатмасликлари керак. Совчиликка юриб, кавушингиз йиртилса ҳам, бировнинг боласини камситманг. Зинҳор-базинҳор ўғлингизнинг ёнида қиз/аёлларнинг камчиликларини санаманг. Агар аллақачон йигит қизларга кўзойнак остидан қараётган бўлса, асл муддаоси нималигини сўранг. Балким, ўзининг танлагани бордирки, ҳамма номзодларнинг устига қора чизиқ тортаётгандир.

10-сабаб: севганига уйланмагани ёки уйлана олмаслиги

Инсоннинг аламлари, армонлари ҳеч қачон ўлмайди. Улар вулқондек гўё. Бир кун отилиб кетиши ҳеч гапмас. «Сиз севганим билан турмуш қуришимга қарши бўлдингиз, мана энди, уйланмайман», деган сўз ўғлингизнинг тилига кўчмаса-да, онг остида бўлади.

Чора: йигит кишининг кўнглига қулоқ тутинг, танловларни ўзи амалга оширишига ишонч билдиринг.

МУХЛИСА

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Бошқа янгиликлар