Сирдарё вилоятида бир гуруҳ шахсларга фуқаролик паспорти топширилди, дея хабар берди ЎзА.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, шахсий манфаатлари қонун билан кафолатлаб қўйилгани, ҳар бир фуқарога бериладиган паспорт Ўзбекистон Республикасининг мулки бўлиб, унинг эгаси давлат муҳофазасида экани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолати, ирқи, миллати, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати ҳамда сиёсий ва бошқа эътиқодидан қатъи назар, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун кучга кирган вақтда турли объектив ва бошқа ҳаётий шароитларга кўра мамлакат ташқарисида бўлган маҳаллий аҳоли, шунингдек, бошқа мамлакатларда туғилиб-ўсиб, Ўзбекистонни ўз Ватани сифатида чин дилдан тан олган, унинг тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшган шахслар қабул қилиниши мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг фармони билан Сирдарё вилоятидан 22 нафар юртдошимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш бахтига муяссар бўлди. Улар орасида Шаҳнур Йўлдошев ҳам бор.
– Мен 1992 йили Қозоғистон Республикасида туғилганман, миллатим тожик, айни пайтда “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти вилоят бўлимида инспектор бўлиб ишлайман, – дейди Ш.Йўлдошев. – Бугун Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортини қўлга олганимдан жуда бахтиёрман.
– 1980 йили Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятида туғилганман, – дейди Янгиер шаҳрида истиқомат қилувчи Сирожиддин Халилов. – Ховос туманидаги “Ховос олтин бургут” фермер хўжалигида меҳнат қиламан. Бугун энг катта орзуим ушалди. Шундай бахтга етказганига шукр. Менга ҳам ишонч билдириб, мустақил Ўзбекистон давлатининг фуқароси бўлиш бахтига муяссар этган Президентимиздан миннатдорман.






