11 октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан Самарқандда «Қиз бола – бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир» шиори остида вилоят қизлар фестивали ташкил этилди. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган анжуманда вилоятимиздаги олий, ўрта махсус ҳамда умумтаълим муассасаларида таҳсил олаётган қизлар, бошланғич хотин-қизлар қўмиталари раислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Анжуман аввалида иштирокчилар Самарқанд санъат коллежининг дуторчи қизлари машқлари, шаҳардаги педагогика коллежининг мусаввир қизларининг чизган суратларидан баҳраманд бўлишди.
— Қизларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши билан бирга жамиятда ўз ўрнини топиши, лидерлик қобилиятларини намойиш этиш учун мамлакатимизда катта ишлар амалга оширилмоқда, - дейди фестивалнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ғафурова. – Бугун таълим муассасаларида «Ораста қизлар», «Зулфияхоним қизлари», «Иқтидорли қизлар» каби қатор тўгарак ва клублар фаолият кўрсатиб бормоқда. Маълум соҳада ютуқларга эришган қизлар учун «Зулфия» номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган. Вилоятимизда 17 нафар қизлар ушбу нуфузли мукофот совриндори бўлишга эришган. Иқтидорли қизлар сафини кенгайтириш, уларни рағбатлантириш борасида доимий равишда турли танловлар ўтказиб келинмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими Т.Тугалов иқтидорли қизлар билан ишлашда уюшмада йўлга қўйилган ишларга тўхталган бўлса, Репродуктив саломатлик маркази раҳбари У.Бобораҳимова қизларнинг саломатлигини асраш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Фестивалнинг ижодий қисмида мушоирани шоира Жумагул Сувонова қизлар ҳақдаги шеърлари билан бошлаб берди. «Жонона» - қизлардан таркиб топган рақс дастаси ўз рақслари билан иштирокчиларга завқ улашди. Қизларнинг кийиниш, китобхонлик маданияти бўйича тақдимот бўлиб ўтди.

Г.Мўминова тайёрлади.






