— Турмуш ўртоғим уйимиздаги ёнғин сабабли вафот этган. Ҳозирда ота-онамнинг уйида яшайман, шу маҳаллада рўйхатда тураман. Бир нафар фарзандим бор. Маҳалладан моддий ёрдам сўрасам, мен оладиган боқувчисини йўқотганлик нафақасининг миқдорини сўрашди. Шу тўғрими?
Мафтуна Самиева, Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳри
Аъзамжон МИРЗАЖОНОВ, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг ўринбосари:
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг V-боб, 22-бандига асосан оиланинг ўртача ойлик жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромадига, оила аъзолари томонидан олинган қуйидаги даромадлар киритилади:
- меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар;
- мулкий даромадлар;
- якка тартибдаги тадбиркорнинг даромади;
- чет элда ишлайдиган ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган оила аъзоларидан пул тушумлари суммаси;
- пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар (ушбу Низомда назарда тутилган тартибда оила олаётган нафақа ёки моддий ёрдамдан ташқари);
- шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинган даромад;
- Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа даромадлар.
Меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар ҳисобланган сумма бўйича ҳисобга олинади (солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар чегириб ташлангунга қадар).
Оиланинг ўртача ойлик жами даромади фуқаролар томонидан ушбу Низомнинг 13-бандига мувофиқ тақдим этиладиган оиланинг таркиби ва оила аъзоларининг даромадлари тўғрисидаги маълумотлар асосида аниқланади.
Бундан ташқари Низомнинг 6-бандига кўра, Фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд деб эътироф этилган оила нафақа ва моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга.






