29.11.2013 10:00
Хитой Бош вазири Ислом Каримов қабулида бўлди
Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, унинг Хитой Давлат кенгаши Бош вазири сифатида Ўзбекистонга илк расмий ташрифи ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг шу йил сентябрь ойида мамлакатимизга давлат ташрифининг мантиқий давоми эканини таъкидлади. Мазкур давлат ташрифи якунлари давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилишини, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини изчил кенгайтиришга янги суръат бағишлаганини қайд этди, дея хабар беради [url=http://uza.uz/oz/]ЎзА.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик деярли барча йўналишлар – сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда изчиллик билан жадал ривожланаётгани таъкидланди.
Куни кеча Тошкентда бўлиб ўтган икки давлат ишбилармон доираларининг бизнес-форуми ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, янги, авваламбор, юқори технологиялар соҳасида фаолият кўрсатадиган қўшма корхоналар ташкил этишдан томонлар бирдай манфаатдор эканлигини яққол тасдиқлади.
2013 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 3,5 миллиард АҚШ долларидан ошди. Бу бутун 2012 йилдагидан анча кўпдир.
Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида тузилган 488 қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. 2002 йилдан буён Хитой сармояси иштирокида умумий қиймати 6,75 миллиард долларлик бир нечта лойиҳа амалга оширилмоқда.
2012 йилдан Хитойга Ўзбекистон табиий гази мунтазам етказиб берилмоқда. Айни пайтда “Ўзбекистон-Хитой” газ қувурининг учинчи линияси барпо этилиб, тўртинчи линияси лойиҳалаштирилмоқда. Уларнинг ишга туширилиши Ўрта Осиёдан ХХРга табиий газ экспорти ва транзитини кенгайтириш имконини беради.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигига оид бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ли Кэцян самимий қабул, ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммоларни атрофлича муҳокама этиш имконияти яратилгани учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирди.





