28.11.2013 11:04
Ҳар йили 15 ёшгача бўлган 2 млн қиз она бўлади
Анжуманда Ўзбекистонда қизларни эрта турмушга узатиш, вояга етмасдан никоҳ ўқитиш ҳолатларига барҳам бериш борасида барча давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, диний идоралар ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги изчил йўлга қўйилгани алоҳида қайд этилди.
БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили Карл Кулесса Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, баркамол авлодни тарбиялаш, оилалар фаровонлигини таъминлаш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, вояга етмасдан никоҳ ўқитиш ҳолатларига барҳам бериш каби масалалар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганлигини таъкидлади
Маълумотларга қараганда, эрта никоҳлар ва улар билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган эрта ҳомиладорлик глобал муаммо ҳисобланади: ривожланаётган мамлакатларда ҳар куни 18 ёшга тўлмаган 20 000 қиз она бўлмоқда. Умуман олганда ҳар йили она бўлаётган 7,3 млн. ўсмир қизларнинг 2 млн. нафари яъни 15 ёшгача бўлган қизлар ва айнан мана шу ёш гуруҳлари, эрта ҳомиладорлик билан, шу жумладан оналар ўлими билан боғлиқ жуда оғир тиббий ва ижтимоий оқибатлардан азият чекмоқда.
БМТ Аҳолишунослик жамғармаси 1993 йилдан буён мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, юқумли касалликлар профилактикасига кўмаклашиш каби қатор хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. UNFPA аҳолишунослик дастурларини ҳаётга татбиқ этиш, соғлиқни сақлаш бўйича миллий тизим самарадорлигини ошириш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш каби масалаларда ҳам мамлакатимиз билан самарали ҳамкорлик қилмоқда.





