27.11.2013 10:28
Давлат бюджетининг 60% ижтимоий соҳага йўналтирилди
Унда депутатлар Давлат бюджетининг 2013 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар. Ушбу масала юзасидан молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев, шунингдек, Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари С.Отамуродов маъруза қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати маълумот берди.
Давлат бюджети ҳисобот даврида профицит билан ижро этилди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқни ташкил этди. ЯИМнинг ўсиш суръатлари 8,1 фоизни, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмлари 9,4 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 6,8 фоизни, чакана савдо айланмаси 14,7 фоизни ташкил этди. Машинасозлик ҳамда металлга ишлов бериш, енгил саноат, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати каби тармоқларнинг жадал ривожланиши таъминланди. Саноат ишлаб чиқаришининг умумий тузилмасида ушбу тармоқларнинг улуши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 47,4 фоиздан 51,4 фоизгача ўсди. Шу йилнинг бошидан тахминан 2,2 минг ишлаб чиқариш объекти ишга туширилганлиги ҳам саноат ишлаб чиқаришининг ўсишига кўмаклашди.
Мажлисда ҳисобот даврида Давлат бюджетининг харажат қисмида таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, пенсиялар, нафақалар тўловлари каби ижтимоий соҳани молиялаштиришга устувор аҳамият берилганлиги алоҳида таъкидланди.
Умуман олганда, Давлат бюджети 2013 йилнинг 9 ойи мобайнида Олий Мажлис томонидан тасдиқланган параметрларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ ижро этилди.
Ҳисобот даврида бюджет харажатларининг тахминан 60 фоизи ижтимоий соҳага тўғри келиши Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлигидан дарак беради. Жумладан, харажатларнинг 57,5 фоизи таълим муассасаларини сақлаш ва ривожлантиришга тўғри келди.
“Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида кўриб чиқилаётган даврда 540 минг нафар биринчи синф ўқувчиси учун ўқув қуроллари ҳамда кам таъминланган оилалар учун қишки кийим-бош ва пойафзаллар олинди, 64 та “Баркамол авлод” болалар маркази ҳамда 132 та коллеж ва академик лицей капитал таъмирланди. Айни вақтда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланишга бундан буён ҳам риоя қилиш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Давлат бюджетидан болалар мактабгача тарбия муассасаларига таълим соҳасига ажратилган барча харажатларнинг 11,4 фоизи миқдорида, умумтаълим муассасаларига 54,5 фоиз миқдорида маблағ ажратилди. Ўрта махсус таълим тизимида ўқув-амалий машғулотлар ўтказишни ташкил этиш учун хомашё ва ёқилғи-мойлаш материалларининг тахминан 2,4 минг турини харид қилиш назарда тутилган.
Ҳисобот даврида фанни ривожлантириш учун ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,7 фоизга кўпроқ маблағ ажратилди. Таълим соҳасини молиялаштириш ҳажмларининг ошганлиги қайд этилган ҳолда Ўзбекистонда 2013 йил 1 январдан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий этилди, илмий-тадқиқот муассасаларида ишловчи катта илмий ходим-тадқиқотчилар сони ортди ва ушбу мақсадлар учун назарда
тутилган харажатлар ошди.
Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва унинг бандлигини оширишга доир бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Кўриб чиқилаётган даврда соғлиқни сақлашни ривожлантиришга 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 22,2 фоиз кўпроқ маблағ ажратилганлиги таъкидланди. Бу ижтимоий соҳага ажратилган барча харажатларнинг 24,2 фоизини ташкил этади.
Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи Давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун ажратилган харажатлар 2013 йилнинг 9 ойи мобайнида 89,7 миллиард сўмни ташкил этишини қайд этди.
Шунингдек, Қишлоқ аҳоли пунктларининг ичимлик суви билан таъминланганлигини янада яхшилаш дастури доирасида қишлоқ аҳоли пунктларини сув билан таъминлаш тармоқларини барпо этиш объектлари бўйича 106 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
2 минг километрдан зиёд сув ўтказувчи тармоқ, шу жумладан қишлоқ жойларда 1,9 минг
километр сув ўтказувчи тармоқ ишга туширилди.





