26.11.2013 10:08
Ўзбекистонда глобал акция старт олди
Ушбу тадбир ҳар йили БМТ шафелигида бутун дунёда ўтказиладиган глобал акциянинг бир қисмидир, дея хабар беради ЎзА.
Мамлакатимизда мазкур акция Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Халқаро кураш ассоциацияси томонидан БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA), БМТ Тараққиёт дастури, қатор халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Хотин-қизларнинг, айниқса, қишлоқ жойларда бандлигини таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш, уларни тадбиркорлик соҳасига фаол жалб қилиш, касаначиликни ривожлантиришга оид кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат дастурлари доирасида мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида касаначиликни йўлга қўйиш, хотин-қизлар иштирокида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларга имтиёзли микрокредитлар ажратиш, хизмат кўрсатиш ҳамда сервис соҳасини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Аёллар ва қизлар мамлакатимизда рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирок этаётир. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари, нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам машҳур инсонлар – корхоналар, ташкилотлар ва ННТ раҳбарлари, фермерлар, шифокорлар, фан, маданият, санъат, таълим соҳалари намояндалари кўп.
Шуниси эътиборлики, барча соҳаларда, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари, давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини таъминлашда гендер тенгликни таъминлаш бўйича Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланмоқда.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ижрочи директори Дилшод Отабоевнинг таъкидлашича, мамлакатимизнинг ушбу глобал акция ва «Уйдаги тинчликдан жаҳондаги тинчлик сари» тадбирини ўтказишда фаол иштирок этиши Ўзбекистоннинг хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш тарафдори эканининг яна бир тасдиғидир.
Тадбир давомида мамлакатимиз бўйлаб Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун кураш куни, Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни, Халқаро ногиронлар куни, Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган турли тадбирлар, учрашувлар, семинарлар, мусобақа ва танловлар ўтказилади.





