Кузда амалга ошириладиган 5 муолажа билан танишинг!
Қуёшли кунлар ортда қолган заҳоти аёллар косметолог излашга тушишади. Чунки бу фасл ташқи кўринишни тартибга келтириш учун энг қулай вақт саналади. Айнан кузда бажариладиган косметологик муолажалар ҳақида косметолог Маҳбуба Маманова маълумот беради.
1-муолажа: пилинг
Бу кузнинг энг асосий косметологик муолажаси ҳисобланиб, у ёз давомида қуруқлашиб, офтобда тобланган терининг маълум қатламидан халос қилиб, унинг янада соғлом кўринишига ёрдам беради. Қуёш нурлари кучсиз нур сочган палла муолажани амалга ошириш учун энг қулай фурсатдир. Ҳозирги кунда мутахассислар пилингнинг механик, лазерли ва кимёвий турларини таклиф қилишмоқда. Муаммонинг турига қараб, косметологнинг ўзи пилинг муолажасининг турини танлашга ёрдам беради. Муҳими, амалиётдан сўнг қуёш нурларидан эҳтиёт бўлиш даркор.
2-муолажа: плазмалифтинг
Замонавий косметологиянинг янги йўналишларидан бўлган бу усул аёлни 5-6 ёшга ёшартириш, ташқи кўринишини янада жозибадор кўринишга келтиришга кўмаклашади. Бунда аёлнинг маълум миқдордаги қони олиниб, махсус ускунада қоннинг қизил таначалари ва бошқа компанентларидан тозаланиб, фақат плазмаси сақлаб қолинади. Ишлов берилган плазма муолажага муҳтож тери ҳудудларга юборилади. Плазмалифтинг туфайли аёлларда жарроҳ тиғи остига ётмай, янада ёшариш имконияти бор.
3-муолажа: гидродермия
Мимик ҳамда кексалик ажинларини бартараф этишда қўл келадиган бу муолажа тахминан икки соат давом этиб, кичик пилингдан бошланади. Махсус роликли электрод мослама ёрдамида суюқлик ва гел терининг чуқур қатламларига сингдирилади. Кичик частотадаги ток суюқлик таркибидаги моддаларни майда молекулаларга парчалаб, тери остига чуқур сингишини таъминлайди ва моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади. Мутахассис муаммонинг турига қараб оқартирувчи, юмшатувчи, ажинларга қарши, кўз атрофи учун мўлжалланган геллардан фойдаланади. Бир қанча гелларни аралаштириб қўллаш усули ҳам мавжуд.
4-муолажа: хол ва сўгалдан халос бўлиш
Куз мавсуми юз ва кўзга ташланувчи аъзоларда турли катталикдаги хол, сўгал ва тошмалардан халос бўлиш учун ҳам айни муддао. Бунда лазерли, крио ёки электрокаугулянт усуллардан фойдаланиш имконияти мавжуд. Бироқ бу муолажани амалга оширишга киришишдан аввал шифокор кўригидан ўтишни тавсия қиламиз.
5-муолажа: термаж
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу усулда юқори частотали энергия тўлқинларининг терига таъсир кўрсатади. Ўз навбатида бу тўлқинлар таъсирида терини таранглаштириш осон ва самарали кечади. Ҳамда каллоген ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради. Бу эса эришилган натижани узоқ муддат давомида сақланиб туришини таъминлайди. Муолажанинг афзаллиги шундаки, уни бир бор қўллаб 3-5 йил бу гўзалликдан баҳраманд бўлишингиз мумкин.
КАМОЛА тайёрлади.
Манба: "SUG‘DIYONA" газетаси






