АсосийJamiyat

Давлатимиз раҳбари ОТБ президенти билан учрашди

21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсаройда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти Такехико Накаони қабул қилди.
 
Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, ОТБ билан мамлакатимиз ўртасида мустаҳкам ва ишончли ҳамкорлик қарор топганини, ушбу банк Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишга катта ҳисса қўшаётганини таъкидлади.
 
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон – ОТБ ҳамкорлиги 14,5 миллиард АҚШ долларига тенг 40 лойиҳани ўз ичига олган. Бу лойиҳалар учун ОТБнинг умумий қиймати 4,9 миллиард доллардан зиёд ресурслари жалб қилинган, дея хабар беради ЎзА. Ҳамкорликда Таллимаржон ИЭСида 900 МВт қувватга эга бўлган иккита буғ-газ қурилмаси барпо этиш, автомобиль йўллари қуриш ва уларни реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли дастур, Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуини барпо этиш, қишлоқ жойларда уй-жой қуриш дастури каби стратегик муҳим инвестициявий лойиҳа ва дастурлар амалга оширилмоқда.
 
Музокарада томонлар Ўзбекистон билан мамлакатимизнинг етакчи халқаро молиявий шериги бўлган Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорлик стратегик аҳамият касб этиши ва узоқ муддатли асосга эга эканини мамнуният билан таъкидладилар.
 
ОТБ президентининг ушбу ташрифи доирасида “Самарқанд шаҳрида 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектрик станциясини барпо этиш”, “Аму-Бухоро ирригация тизимини реабилитация қилиш” ҳамда “Кичик ва микромолиялашни ривожлантириш” лойиҳалари бўйича умумий қиймати 380 миллион АҚШ долларига тенг молиявий битимлар имзоланди.
 
Учрашувда Т.Накао ОТБ томонидан кўп томонлама ҳамкорликда амалга оширилаётган, бутун минтақа учун катта аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди.
 
Суҳбат чоғида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатдорлик асосида икки томонлама ҳамкорликни, шунингдек, минтақавий лойиҳаларни амалга оширишда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кенгайтириш ва ривожлантириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
 
Айни пайтда томонлар 2014-2016 йилларга мўлжалланган Иккитомонлама ҳамкорлик дастурини муҳокама қилмоқда. Бу ҳужжатда нефть-газ сектори, электр энергетикаси, транспорт инфратузилмаси, сув таъминоти, уй-жой қурилиши, кичик бизнес, соғлиқни сақлаш, таълим ва коммунал соҳа каби йўналишларда устувор лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш кўзда тутилган.
 
Томонлар мазкур Дастур ўзаро шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитишига, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш учун пухта замин яратишига ишонч билдирдилар.
 
Т.Накао самимий қабул ва ОТБнинг Ўзбекистондаги фаолиятига берилган баҳо учун Президентимиз Ислом Каримовга миннатдорлик билдириб, Осиё қуёш энергияси форумининг 6-мажлиси Тошкентда ўтказилиши қўллаб-қувватлангани ва юксак савияда ташкил этилгани учун минатдорчилик изҳор этди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар