Inditex концерни асосчиси ва Zara савдо белгиси эгаси бўлган Амансио Ортега даромади орқали дунёнинг энг бой одами ҳисобланган Microsoft асосчиси Билл Гейтсни ортда қолдирди, деб хабар берди Vesti.ru нашри.
Ортега ҳисобида айни вақтда Гейтсникидан 200 млн доллар кўпроқ маблағ – 85 млрд доллар бор. Гейтс 4,6 миллиард долларни хайрия фондига ўтказгандан кейин унинг бойлиги сезиларли даражада камайган.
Ортега 2016 йил сентябри ва 2015 йил октябрида ҳам Гейтсни ортда қолдиришга муваффақ бўлганди.
Ортега миллиардер мақомига эришиш йўлини Camiseria Gala дўконида савдолар бўйича ёрдамчи лавозимидан бошлаган. Кейинчалик у дўконда сотувчи ва бошқарувчи лавозимларида ишлаган. У 1975 йилда Испаниянинг Ла-Коруньясида Zara бренди остидаги биринчи дўконини очган. Ҳозирда эса унинг холдингига дунёнинг 88 та давлатида 6750 та дўкон тегишлидир.






