Кеча "Тошкент" вокзали метро станцияси бекати ва массив Чилонзор-26 йўналиши бўйлаб ҳаракатланадиган трамвай ҳайдовчисининг ҳатти-ҳаракатлари мазкур масалани олиб чиқишга мажбур қилди. Зеро ушбу муаммо билан ҳар бир жамоат транспортидан фойдаланувчи кундалик равишда тўқнашади. Ҳайдовчилар томонидан гоҳ тезлик ҳаддан ошириб “пойга” бўлиши, гоҳ уларнинг “ҳали вақти кўплиги” сабабли жуда секин ҳаракатланиши аллақачон ҳамма учун одатий ҳолга айланиб улгурган. Биз тилга олмоқчи бўлган муаммо эса ҳайдовчиларнинг аслида жуда ҳам хаддидан ошганликларининг яна бир далили бўлди. 2009-сонли 9 трамвай йўналиши бўйича ҳаракатланаётган трамвайнинг даставвал ҳаддан ортиқ “секин” юриши йўловчиларни ғазабини келтирган бўлса, кейинроқ ушбу муаммо унинг ёнида турган маст ҳолдаги шериги билан галма-гал сигарета чекишига уланиб кетди. Бундан ташқари ҳайдовчи ишлаб турган олд эшигини йўловчиларга ишламайди баҳонаси билан очмай орқа эшиклардан тушишларини талаб қилди, бироқ ўзи рельсларини ўзгартириши керак бўлганда олди эшикдан ҳеч қийинчиликларсиз тушиб чиққанини гувоҳи бўлдик. Касбим журналист бўлгани сабабли бу ҳолатга томошабин бўлиб тура олмадим ва ҳайдовчига мурожаат қилдим: - Нима сабабдан трамвайни бу қадар секин ҳайдаяпсиз, аҳир бу ўз номи билан тезюрар трамвай эмасми? - Мени вақтим жуда кўп, шошилаётган бўлсангиз таксига чиқинг. - Жамоат транспортида нима сабабдан сигарета чекяпсиз, бу таъқиқланганку? - Бу мени шахсий кабинам ва мен ҳоҳлаган ишимниқилишга хаққим бор! (жаҳл билан). - Мени эса касбим журналист, шунга сиздан сўрашга ўзимни хақли деб билдим, тегишли жойларга шикоят қилишларидан қўрқмайсизми? - Кимлигинг билан мени нима ишим бор (сигарета чекишда давом этди). Ўз бекатимга етиб келганимда менга айнан олд эшикни очиб беришини талабқилдим ва унинг қилмишлари устидан тегишли жойга шикоят қилишимни айтдим. Ушбу ҳолат юзасидани трамвайда берилган ишонч телефонига 233 54 86 мурожаат қилдим. Улар шикоятимни ёзиб олишганлиги ва унга 10 кун ичида жавоб қайтарилишини маълум қилишди. Бу билан ҳам қониқмай мазкур трамвай қарашли “Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси “Тошэлектротранс” давлат компаниясининг “2-трамвай депоси” ДУК директори ўринбосари Абдуғани Қаҳҳоров билан боғландим. Унга воқеани борича сўзлаб берганимдан сўнг, у аслида трамвайда ҳайдовчининг чекишга умуман хаққи йўқлиги, янги трамвайларнинг оралиқ масофаси ўртача 9 дақиқалиги ва трамвайларининг барчаси соз ҳолатда эканлигини таъкидлади ва ҳайдовчига албатта тегишли чора кўрилишини маълум қилди. Биз эса ўз навбатида ушбу вазиятнинг қай тарзда ечим топганини кейинроқ хукмингизга ҳавола этамиз. Воқеалар ривожини биз билан кузатинг!





