Юзига келиб тушган майин шапалоқ такрорланишини истаган Сарвар кўзини очмай ётаверди. «Ҳозир Гулранг диванга сакраб чиқиб, мени от қилиб миниб олади ва «чу, отим, чу» деб сакрай бошлайди», ўйлади у. Ич-ичидан қувониб уч ярим яшар қизалоғининг шўхликлари давомини интиқлик билан кутаётганда, қизининг овози ўрнига яна бир енгил шапалоқ юзига тегди ва:
— Асалим, тура қолинг энди. Ишга борасизми ўзи?.. — деган овоз эшитилди.
Кутгани юз бермаганидан шу пайтгача дунёдаги энг ширали овоз бўлиб туюладиган Нодиранинг саси қулоғига худди темирга теккан арранинг овозидек совуқ эшитилди. Алам қилганидан ҳамон юзида турган Нодиранинг қўлини силтаб ташлаб, тескари ўгирилиб ётди. Қарамаса ҳам билади, Нодира ҳозир лабларини шишириб аразлаб турибди. «Тавба, лаб дегани ҳам шунақа дўрдоқ бўладими? Узоқдан юзидан олдин лаби кўринади-я». Нодира жаҳл билан шкафларнинг эшигини қарсиллата бошлагач, иложсиз ўрнидан турди. Қизалоғи Гулрангни қанчалик соғинган бўлмасин, ҳозир жанжални катта қилишни истамасди. Чунки Нодира бир аразласа, уч кунлаб очилмайдиганлардан, гаплашмай юракни сиқворади. Ундан кўра гапириб-гапириб кейин ҳеч нарса бўлмай кетавергани минг марта яхши эди. «Уф, менга нима бўлаяпти ўзи? Соҳибанинг феъли шунақа эди, ҳеч қачон узоқ аразламас, бирор нима ёқмаса, гапириб ёки йиғлаб олиб, очилиб кетаверарди...» ўйлади Сарвар истар-истамай ўрнидан тураркан. «Куз таъсир қилаяпти шекилли», кайфияти ёмонлиги шундан билиб, ўзини-ўзи алдади, лекин ичини кемираётган соғинчни тан олгиси келмади.
— Бугун жуда очилиб кетибсизми, хоним? — деди у нонушта қилгани ўтираркан.
— Нега эрталабдан кайфиятингиз йўқ, асалим? — Сарвар сабабини билса-да, айбни ўзидан соқит қилиб, гина-кудуратни қисқа қилиш йўлларини ахтарарди.
— Мен-а? Сизни-я? — «ҳайратланди» Сарвар. — Сизни ўзимдан нари итариб ўлибманми, жоним. Ўзи зўрға етишган бўлсам...
— Нодирахон ҳам «блинчик»ларни зўр қилади-да, — деди Сарвар уларнинг гапига қўшилгиси келиб. Иккала ҳамхонаси ҳам гапдан тўхтаб, унга қараб қолишди. Хадичанинг қошлари чимирилиб, столидан қоғозларни тахлай бошлади. Ботир эса ўртадаги ноқулайликни бузиш учун: — Х-хотиннинг пазанда бўлгани яхши-да... — деб қўйди.
— Сарвар ака, — деди у эртаси куни иш тугар маҳали қўнғироқ қилиб. — Бугун раҳбаримиз ҳақ беради, агар келмасангиз, хафа бўларкан.
— Раҳбарим келаётганди, охирги дақиқаларда ишлари чиқиб қолди... Сизга ёлғончи бўлмай деб ўзим келавердим... — деди Нодира «хижолат» бўлиб.
— Сира бир ўзим бегона эркак билан кафеда ўтирмаган... Жуда ғалати бўларкан, — қиз чиройли сочларини силтаб қўйди. Унинг сочларидан таралётган хушбўй ифор, майин куй ва шаҳарнинг тунги манзараси таъсир этдими ёки қизни хижолатпазликдан қутқариш учун Сарвар у ёқ-бу ёқдан гапириб суҳбатни қиздиришга ҳаракат қилди. Дадиллик учун бир-икки қултум ичмаса бўлмаслигини тушуниб коньяк буюртирди.
— Вой! — деди у оғзига олов тушгандек қўллари билан елпиб. — Нега ёнимга қўйдингиз? Билмай ичвордим-ку!
Нодира яна лабини чуччайтирди. Жавоб бермади.
Нодира «Демак, атайлаб силтаб ташламапти» деб ўйлаб, кўзларини сузиб жавоб берди:
— Эрталаб силтаб, нари итариб ташладингиз-ку, яна нега кайфиятинг йўқ дейсиз-а?
Нодиранинг чиройи очилди. Сарвар ҳам камида уч кун давом этадиган араз-гинадан, минғир-минғир гаплардан қутилиб қолганидан қувонди.
Нодиранинг саришта бека бўлиб кўриниш учун қилаётган беўхшов ҳаракатлари ғашига тегса-да, ўзини босиб, уйдан чиқиб кетди.
Кабинетидаги креслога ўзини ташларкан, фақат шу хонада дилхираликларни унутиб, ўзини эркин ҳис қилишини сезди.
Бироз ўтиргач, соатига қаради, иш бошланишига ҳали ярим соат бор, ҳамкасбларидан олдин келиш унга анчадан буён одат бўлиб қолган.
Соат тўққизга яқин етиб келган хонадоши Ботир «Бу шумтакалар қачон катта бўлишаркан-а, бирини боғчага, бирини мактабга ташлаб келгунча тилим осилиб қолди», деди кулиб. Ундан кейин кириб келган Хадича тунги сменадан қайтган эрига қўнғироқ қилиб, овқат қаердалигини, чой дамлаб қўйилганини ва эри шундоқ ҳам биладиган яна алланималарни узоқ тушунтирди. Кейин иккаласи ҳам компьютерларини ёқиб, бола иситма қилганда қайси дорини ичган маъқулу қайси мактабда яхши ўқитувчилар ишлаши ҳақида гаплашишда давом этишди.
Сарварга уларнинг маиший мавзуга бағишланган эрталабки «пятиминутка»лари сира ёқмасди. Ҳозир эса уларга ҳаваси келди.
Хотин дегани ўзига ҳам эриш туюлдими, ниманидир баҳона қилиб хонадан чиқиб кетди. Икки йил олдин Сарвар хотини билан ажрашиб, Нодираникига кўчиб ўтгач, ҳамкасбларининг унга муносабати буткул ўзгарганди.
Катта бир компания маҳсулотларининг рекламаси билан шуғулланадиган Нодира реклама баннерларини шаҳар бўйлаб жойлаштириш масаласида шартнома имзолаш учун келганди.
Новдадек нозик, сариққа бўялган жингалак сочлари елкасини қоплаган, сўзлаганда аразлаган ёш боладек лабларини чуччайтириб гапирадиган қиз бир қарашдаёқ Сарварнинг хаёлини ўғирлади. Қиз ҳам унинг эътиборини тортганини сезиб, баттарроқ нозланиб гапира бошлаганди.
Сарвар ўзи билмаган ҳолда қизга рекламанинг энг арзон нархини белгилаб берди. Компания маҳсулотини каттагина чегирма билан реклама қилишга эришгани учун Нодира ҳам хурсанд.
Аввалига иккиланган Сарвар қиз қўявермагач, рози бўлди.
Белгиланган кафега борганда, Нодирани бир ўзини кўриб ҳайрон бўлди.
Этаги тиззасини ҳам ёпмайдиган калта кўйлакдаги, чиройли кўзларини пирпиратиб турган, яхши таниш бўлмаган қиз билан ёлғиз, кафеда бир ўзи ўтириш ноқулай бўлса-да, Сарвар қизни хижолат қилмаслик учун ўтирди.
Қизга ҳам узатди. Лекин Нодира шарбат ичишни афзал билди ва рюмкадаги коньякка қўл ҳам урмади.
Нима бўлса, бўлар деб, икки рюмка коньякни ичиб юборган Сарвар бироз ўзини эркин ҳис қила бошлади. Шундай ҳурлиқо билан танишганидан ўзидан фахрланиб ҳам қўйди. Бироз ўтиргач, Нодирани тортинчоқ, оддийгина кийинадиган, умрида бир марта — фақат тўйда бўянган хотини билан таққослай бошлади. Одобли, давраларда ўзини тутушни ҳам, кийинишни ҳам ўрнига қўядиган Нодирага ҳаваси келди. «Фарзандларингни шундай дидли, фаросатли аёл тарбияласа-да» деган фикр ҳам ўтди хаёлидан.
Овқат олиб келишганида Сарварнинг ҳазилларидан кулавериб кўзи ёшланган Нодира «адашиб» шарбат ўрнига коньякни ичиб юборди...
Сарвар шошиб унга сув қуйиб узатди.
Бироздан кейин умрида ичмаган Нодиранинг боши айлана бошлади. У тинмай кулар, ҳар бир гапида Сарварнинг қўлига уриб қўярди. Қизнинг қайноқ қўли текканда Сарвар алланечук титраб кетарди...
Ўша куни Сарвар Нодирани уйигача кузатиб қўйди.
Эртаси куни Нодира қўнғироқ қилиб узр сўради...
Шундан кейин ҳар куни телефонда гаплашадиган бўлишди. Сарвар бошига қўнган бу бахтдан масрур бўлиб, оиласини буткул унутди. Энди ҳар куни ишдан кейин «уйига ёлғиз кетишга қўрқадиган» Нодирани кузатиб қўяр. Нодира бир ўзи яшар, кўпинча «ёлғизликда томоғидан овқат ўтмай», Сарвар билан бирор ресторанда бирга овқатланишарди. Аввалига ҳар замонда бир уйига бормай қўйган Сарвар, кейинчалик умуман бормай қўйди. Ундаги ўзгаришни хотинидан ташқари ҳамкасблари ҳам сеза бошлашди.
Соҳибанинг кўз ёшлари, пилдираб юриб, чулдираб гапирадиган эркатой қизининг талпиниши ҳам унинг «муҳаббат»дан хира тортган кўзини оча олмади.
Соҳиба йиғлаб изоҳ талаб қилганида, «Худди полиздаги қўриқчига ўхшайсан! Изоҳни мендан эмас, ойнадан сўра!» дея бақирди ва ота-онасининг жанжалидан чўчиб йиғлай бошлаган ва овутади деган умидда талпинаётган қизалоғини ҳам силтаб, эшикни қарсиллатганча ёпиб чиқиб кетди.
Ҳозир шуларни эсларкан Сарварнинг юраги сиқилди, ҳаво етишмаганидан галстугини бўшатди.
Бора-бора Нодиранинг беғубор фаришта эмаслиги, у яшаб турган уйни олдинги раҳбари совға қилганини, байрамларда эркаклар билан баб-баравар ичишини билиб олди. Лекин хатосини тан олишни истамай, анчагача ҳаммасига кўз юмди.
Нодира Туркияга саёҳат қилишни, қимматбаҳо машиналарда юришни истар, Сарвар эса ишдан кейин уйда, оила даврасида дам олишни ёқтирарди. Нодира билан бахтлидек туюлса-да, нимасинидир йўқотгандек, кўнгли кемтикдек ҳис қиларди ўзини. Бу тафовутлар йиғилиб, бугун тонгда Гулрангнинг қилиқлари, айниқса, митти қўлчалари билан юзига шапатилаб уйғотишини тушида кўрганида тўғонини бузган дарёдек тошиб кетди. У уйини қаттиқ соғинган, қизининг эркаликларини қўмсаганди. Юрагини ғижимлаган соғинчдан қутулолмай, чекишга чиқди. Юраги безовталаниб, ишлагандек ҳам бўлмади. Ишдан сўнг ўз-ўзидан машинасини уйи томонга ҳайдади. Ажрашаман деб чиқиб кетгандан буён бор-йўғи икки марта, унда ҳам нарсаларини олишга келган уйи ёнида тўхтаркан беихтиёр кўнгли бузилди. Икки йилдан буён безовта ураётган юраги бирдан хотиржам тортгандек бўлди. «Юрагим муҳаббатдан безовта десам, у ўз маконини қидирган экан», маъюс жилмайди Сарвар. У ҳақоратлар билан «сийлаб» чиқиб кетганидан кейин хотини нималарни ҳис қилгани-ю нималарни бошидан ўтказганини тасаввур қилиб даҳшатга тушди.
Кўпларнинг қўлида эрка қўғирчоқ бўлган Нодирани деб қизининг эркаликларидан юз ўгирганини ўйлаб томоғига нимадир тиқилди ва секин дарвозани итарди. Оғрингандек ғийқиллаб очилган эшикдан тушган нур тўғри айвондаги чорпояда қўғирчоқ ўйнаб ўтирган Гулрангни ёритди. Қизалоқ кутилмаган меҳмонга аввалига ҳадиксираб қаради. Кейин эса кўзлари чақнаб пешвоз отилди:
— Ойи, дадам келдилар!
Ошхонадан ниманингдир тарақлаб тушиб, чил-чил сингани эшитилди...
Қизини бағрига босаркан Сарвар ўзини қайта топгандек бўлди...
Дилфуза СОБИРОВА






