АсосийSUG'DIYONA

​АЁЛЛАР, ЎЗИМИЗГА КЎЗГУ ТУТАМИЗ!

'​АЁЛЛАР, ЎЗИМИЗГА КЎЗГУ ТУТАМИЗ!'ning rasmi

Сиз қандай аёлсиз? Мазкур тестимиз ушбу саволингизга жавоб топишингизда ёрдам беради. Шарти оддий, саволларга рўйи-рост жавоб беринг. Натижа эса қанақа чиқмасин, сизнинг фойдангизга. Чунки феълингиздаги айрим «минус»ларни кўриб, уларни тўғирлаш имкониятига эга бўласиз, деган умиддамиз.

1. Тасаввур қилинг, қарийб ўн йилдан буён кўришмаган дугонангиз, қўнғироқ қилди ва сизлар учрашишга келишдингизлар...

А. «Эй, Худойим-эй! Ҳозир кўринишим яхшимас-ку, бу аҳволда у билан учрашишни умуман истамасдим» — 3 балл.

Б. «Хаёлимга биринчи келадиган фикр нима кийсам экан бўлади. Қайси либосимда янада чиройли, ёш кўринаман? Балким янги кийим сотиб олишим керакдир» — 2 балл.

В. «Жудаям хурсанд бўламан! Албатта, учрашишга шошаман. У қанақа ўзгариб кетган экан-а?» — 1 балл.

2. Дугонангиз сизга дўкон айланишни таклиф қилди, аммо пули камлиги сабаб у-бу нарса ёқиб қолса, сиздан пул бериб туришингизни сўради.

А. «Албатта, рози бўламан. Ҳатто ўзимда ҳам пул кўп бўлмаса-да» — 2 балл..

Б. «Жуда чарчаганман деган баҳоналар билан рад қиламан. Вақтни бекорга сарфлашнинг нима кераги бор?» — 3 балл.

В. «Фақат бир шарт билан рози бўламан, агар менга нимадир ёқиб қолса, қарз бериб туришини айтаман» — 1 балл.

3. Турмуш ўротоғингиз сизга анчадан буён гул совға қилмади...

А. Ўзингиз чиройли гулдаста сотиб олиб, ҳаётдан завқланиб яшашда давом этасиз — 2 балл.

Б. Гап орасида эҳтиёткорлик билан луқма ташлайсиз — «Қачон байрам бўларкан, чиройли гуллар совға қиларкансиз» — 1 балл.

В. Хафа бўласиз, норозлигингизни ифодалайсиз. Аммо одатда у барибир тушунмайди — 3 балл.

4. Яқин дугонангиз қўнғироқ қилиб, турмушга чиқаётганини айтиб қолди, ҳайратланарлиси, сўнгги бор учрашганларингизда бу мавзуда гап-сўз йўқ эди.

А. У учун хурсанд бўласиз ва қандай танишганларига қизиқасиз — 2 балл.

Б. Чин юракдан бахт тилайсиз. Унинг тўй олди хавотирларини аритиб, бахт-иқбол кутаётганини айтасиз — 1 балл.

В. Хурсанд бўласиз-у, лекин оилали аёл бўлишнинг ижобий ва салбий томонларини санаб ўтасиз, ҳаётга реал қараш кераклигини таъкидлайсиз — 3 балл.

5. Турмуш ўртоғингиз охирги пайтларда сизнинг ташқи кўринишнигиздан норози, то тўлишиб кетаяпсан дейди, то ўзингга қарамайсан, дея танбеҳ беради.

А. «Хўш, нима бўлибди? Мен аввало ўзимга ёқишим керак!» — 1 балл.

Б. Тезда озиш ҳаракатига тушиб, гўзаллик муолажаларини бошлаб юборасиз — 2 балл.

В. Ўзгариш учун ундан пул талаб қила бошлайсиз — 3 балл.

6. Турмуш ўртоғингиз дўстлари билан оилавий учрашмочи. Сизнинг меҳмонга боришга хоҳишингиз йўқ...

А. «Бормайман. Яхшиси, уй ишларини қиламан» — 1 балл.

Б. «Нима қилиш кеарк? Ўзини ёлғиз юбора олмайман-ку, у билан бирга бораман» — 3 балл.

В. «Унга дўстларини хушламаслигингизни тўғридан-тўғри айтмайсиз. Аммо гап орасида уни қўллаб-қувватлаш учунгина бораётганингизни билдириб қўясиз» — 2 балл.

7. Шу кунларда раҳбарингиз ҳадеб сизга босим ўтказаяпти...

А. «Бошлиқ билан гаплашиш бефойда. У нимани дастак қилаяпти, шу ишни тўғирлашга ҳаракат қиласиз. Ёки бошқа бўлимга ўтишни ўйлаб кўрасиз — 2 балл.

Б. Бошингизни ортиқча оғритиб ўтирмайсиз, ишим ёқмаётган бўлса, бўшатиб юбора қолсин, дейсиз — 3 балл.

В. Юзига бунақа муносабат сизни хафа қилишини айтасиз, майли, кейин бўшатиб юборса ҳам — 1 балл.

8. Ишдан қайтаяпсиз, уйингизгача ҳали анча бор. Йўллар эса тирбанд. Аксига олиб телефонингиз қуввати ўчиб қолган.

А. Биринчи исталган кишидан телефонини сўраб олиб, эрингизни огоҳлантирасиз — 1 балл.

Б. Кайфиятингиз бузилади. Ўзингизни айблай бошлайсиз — 3 балл.

В. Ортиқча хавотирланмайсиз. Йўл тирбанд бўлса, кутасиз-да, начора — 2 балл.

9. Фарзандингиз мактабдан тушкун кайфиятда қайтди...

А. «Мен ҳам хафа бўламан, бу табиий» — 3 балл.

Б. Албатта, мактабга бориб, болангизни хафа қилганлар билан гаплашиб қўясиз, эрингизга ҳам бу ҳақда айтасиз — 1 балл.

В. Болангиз билан суҳбатлашасиз, нега хафа бўлди, балким арзимас воқеадан кайфияти тушгандир. Агар арзирли сабаб бўлса, ўқитувчиси билан гаплашиб оласиз — 2 балл.

10. Умр йўлдошингиз қўнғироқ қилиб, кечроқ келишини айтди. Бугун эски қадрдони билан кўришар экан...

А. Хафа бўласиз, ахир сизнинг ўз режаларингиз бор эди — 1 балл.

В. Қўнғироқ қилиб огоҳлантиргани яхши. Аммо у аниқ эски қадрдони биланми? Шуни аниқлашга киришасиз — 3 балл.

В. «Раҳмат, огоҳлантирганингиз учун, яхши ўтиринглар, жуда кеч қолиб кетманг, мен сизни кутаман», дейсиз — 2 балл.

11. Яқин дугонангиз билан кўришиб қолдингиз. У илк гапиданоқ ташқи кўринишингизни муҳокама қилса — «Юзингиз нурсиздекми, кўзларингиз шишганми?»

А. Дугонангиз сездими, демак, ўзингизга қарамасангиз бўлмайди, косметолог қабулига ёзиласиз — 2 балл.

Б. «Ҳа, йиллар ўтаяпти, ҳамма ҳам ўзгаради. У ҳам бир ўзига қараб қўйса бўларди?» — 1 балл.

В. Аразлайсиз. Танқид қилиш осон, чарчаганман-да, шунга ҳозир кўринишим яхшимас, деб ўзингизни оқлашга тушасиз — 3 балл.

12. Муҳим учрашувга отландингиз. Мўлжаллаган кўйлагингизни кийиб, кўзгуга боқсангиз, унга доғ теккан экан.

А. «Даҳшат, ҳеч қаерга бормайман, чунки энди ҳаммаси омадсиз ўтади» — 3 балл.

Б. «Кайфиятим тушиб, ювишга киришаман, агар кетмаса, бошқа яхшироқ кийимимни кияман» — 1 балл.

В. «Ҳечам ваҳима қилиш шартмас. Бошқа либосимни кийиб, хотиржам йўлга чиқаман» — 2 балл.

Натижалар билан танишинг!

Умид билан яшанг!

29—36 балл. Сиз жуда меҳнаткаш, саришта уй бекасисиз. Хонадонингиз ҳамиша тинч ва осийишта бўлишини истайсиз. Тажрибалисиз! Жанжалкашлик сизга ёт. Аммо сизни ич-ичингиздан ишончсизлик, қўрқув, рашк каби туйғулар бошқариб турган бўлиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Муаммоларни енгил қабул қилишни ўрганинг. Доим ҳаётнинг қоронғу томонини кўрманг. Бўлмаса, умидсизлик ботқоғига янада ботиб бораверасиз. Ишонинг, ҳар қандай муамомни ҳал қила оласиз! Ўзингизга ва маълум бир вазиятларда атрофингиздагиларга ишонч билдирсангиз, бас.

Аёллигингизни унутманг!

20–28 балл. Сиз ҳаётни қадрлайсиз, беҳуда вақт сарфламайсиз, ҳеч бир кунни бекор ўтказишни истамайсиз. Оғир вазиятга тушиб қолганингизда ҳам трагедия ясамайсиз. Доим яхши кайфиятда бўлишга ҳаракат қиласиз, буни атрофдагиларгаям улашасиз. Эътиборли ва бағрингкенглигингиз туфайли бошқаларни ташвишга қўймайсиз. Муамоларингизни ўзингиз ҳал қиласиз. Ҳатто ёрингизнинг ҳам бошини оғритмайсиз. Лекин буни осон деб бўлмайди. Сизда масъулият ҳисси жуда кучли. Аёл киши нозик ҳилқат, баъзида ўзни ожиз, кучсиз кўрсатишб туриш, ҳатто, бироз инжиқланиш ҳам зарур.

Жим туришни ўрганинг!

12–19 балл. Сиз ўзига ишонган, узоқни кўра биладиган, ваҳимадан йироқ ва ҳамма нарсанниг имкони бор, дея ҳисоблайдиган аёлсиз. Ҳаётга доим теран ақл билан қарайсиз. Ўзингизнинг ва атрофдагиларнинг баҳосини биласиз. Жуда эътиборлисиз, аммо ўзингизга тегишли бўлмаган воқеа-ҳодисалар, нарсаларни миридан-сирига билишга қизиқавермайсиз.

Турмуш ўртоғингиз билан ҳамма ишни биргаликда қилишни яхши кўрасиз. Кўнгли очиқ, ҳақиқатгўй инсонсиз. Ёлғончи, иккиюзламачи одамларни тушунмайсиз ва уларга тоқат қилолмайсиз.

Аммо сизнинг ҳаддан зиёд тўғрисўзлигингиз баъзида атрофдагиларни асабийлаштиради. Сабрли бўлинг. Ҳар кун ҳар хил ҳолат, вазият бўлиши мумкин. Бошқаларнинг кўнглини оғритишдан сақланинг. Ўрни келганида сукут сақлашни билинг.

МУХЛИСА тайёрлади.

    Бошқа янгиликлар