Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрамига қизғин тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда Сирдарё вилоятининг Гулистон тумани Деҳқонобод шаҳарчасидаги Намуна маҳалласида 32 оилага мўлжалланган 2 қаватли иккита уй фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда фуқаролар билан мулоқот қилишнинг самарали ва замонавий механизми йўлга қўйилгани одамларнинг ўй-фикрлари, қувончу ташвишларини ўрганиш, ҳаётий талаб ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
"Ибрат" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшаётган II гуруҳ ногирони Жамолиддин Холжигитов оила аъзоларининг қувончи чексиз. Уларнинг бир неча йиллик орзуси амалга ошиб, уч хонали квартирага кўчиб ўтди.
Туманнинг “Боёвут“ сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудида яшовчи II гуруҳ ногирони Ботир Умаровлар оиласига ҳам Президентимиз совғаси – янги уйнинг калити топширилди.
– Турмуш ўртоғим, 2 ўғлим ва келинларим билан битта квартирада ижарада яшардик, – дейди Роҳила Умарова. – Давлатимиз ғамхўрлиги туфайли бугун ўз уйимизга эга бўлиб ўтирибмиз. Кутилмаган бахт деганлари шу бўлса керак. Худди осмондан тушгандек уйли бўлсак-а?! Ишонгинг келмайди. Лекин уйнинг калити қўлимда турибди, мана. Эҳтиёжманд оилалар оғирини енгил қилаётган, уй билан, иш билан таъминлаётган Президентимиздан жуда миннатдормиз. Бу уй энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамига давлатимиз раҳбарининг унутилмас совғаси бўлди.
Вилоятда йил охирига қадар яна 6 шундай уй фойдаланишга топширилади. Шаҳар ва туманлардаги бўш турган бинолар қайта таъмирдан чиқарилиб, 2017-2018 йилларда уй-жойга муҳтож оилаларга берилиши ҳам назарда тутилган.
Шу куни Гулистон шаҳридаги “Наврўз” тўйхонасида 31 нафар ногирон ва эҳтиёжманд фуқарога арзонлаштирилган янги уйларнинг бошланғич бадали Президентимиз томонидан тўлангани тўғрисидаги сертификатлар топширилди. 34 фуқарога ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламаси ва бошқа воситалар берилди.
Бир пиёла чой устида ташкил этилган тадбирга санъаткорларнинг Ватан, мустақиллик, меҳр-саховат, севги ва садоқатни тараннум этувчи куй-қўшиқлари ўзгача завқ бағишлади.
Тадбирларда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.






