Ўзбекистондаги бир қатор ҳайдовчилардан фото ва видео кузатув камералари томонидан қайд этилган қоидабузарлик учун жарималарни тўлаш тизимининг яхши йўлга қўйилмаганлиги юзасидан шикоятлар келиб тушмоқда.
Хусусан, жаримани тўлаб бўлиб ҳам қоидабузарлик юзасидан чиқарилган Қарор ёпилмагани ва шу сабабдан ЙПХ постларида ҳайдовчини қарздор сифатида чиқариб бериш ҳолатлари учраб турибди.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бундай ҳолатлардан қандай чиқиш мумкинлиги юзасидан ўз тавсияларини берди.
Шундай қилиб, транспорт воситаси эгаси ёҳуд ҳайдовчиси жарима қўлланилганлиги ҳақида қарорни қўлга киритгач жарималарни қуйидаги йўллар билан тўлаши мумкин:
- Payme тўлов тизими ёрдамида, бу тизимда Қарорнинг рақамини кўрсатиш кифоя;
- dyhxx.uz Портали ёрдамида – бу ҳолатда ҳам тўлов Payme хизмати ёрдамида амалга оширилади;
- тўловчига қулай бўлган банк бўлимида.
Банк картаси билан Порталда авторизациядан ўтган фойдаланувчилар учун тўлов жараёни сайтда келтирилган ва уни қўллаш қийинчилик туғдирмайди.
ЖАРИМАНИ БАНК БЎЛИМИДА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ТЎҒРИ ТЎЛАШ МУМКИН – ИИВ ЙХХББДАН ТАВСИЯЛАР.
- Жаримани тўлаш учун тўловчининг қўлида жарима қўлланилганлиги ҳақидаги Қарор бўлиши зарур. Ҳеч бўлмаганда, кассирга Қарорнинг рақамини кўрсатиш лозим. Айнан ушбу рақам билан тизим қандай жарима ва қайси автомобиль учунлигини аниқлайди.
- Тўлов вақтида кассир билан бирга банк ва ғазна ҳисоб рақамларини текширинг (20-хонали ва 25-хонали ҳисоб рақамлар), сумма ва Қарор рақами.
Яъни кассир тўловни амалга ошираётганда тўлов тафсилотларида 25-хонали ғазна ҳисоб рақамини, Қарор рақамини ва жарима кимга қўлланилганлиги ҳақидаги маълумотларни текшириши лозим.
- Жарима суммаси тўланганидан сўнг тегишли қарор дарҳол ёпилиши лозим. Жарима тўланганлик ҳолатини dyhxx.uz порталида текшириш мумкин.
- Ҳаммаси тўғри тўланган, аммо Қарор ёпилмаган ҳолатида банк бўлимига қайта ташриф буюриб, тўлов квитанцияси ва тўловни тасдиқлайдиган ҳужжатларни кўрсатиш лозим. Банк ходими тўловнинг тўғри ўтганлигини текшириши, банк томонидан бирор хатога йўл қўйилганлиги ёки йўқлигини текшириб, уни тўғрилаши лозим.






