Ироқнинг Мосул шаҳрини “Ислом давлати” террорчилик гуруҳи жангариларидан озод этишда 40 минг нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, деб ёзди курд разведкаси ҳаволасига таянган ҳолда Independent газетаси, дея хабар берди Ria.ru нашри.
Мосул шаҳри аҳолиси жангарилар, Ироқ армияси ва авиа отишмалар қурбони бўлган. Курд сиёсатчиси ва Ироқ ТИВ собиқ раҳбари Ҳошиёр Зебарийнинг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг жасадлари дафн этилмай, ҳамон вайроналар тагида турибди.
Мосулни “Ислом давлати” жангариларидан озод қилиш кампанияси ўтган йилнинг октябрь ойида бошланган эди. Операцияда махсус топшириқларни бажарувчи отряд, федерал полиция ва ҳукумат армияси қатнашган. Ироқ ҳарбий кучларига ҳаводан АҚШ раҳбарлигидаги халқаро коалиция авиацияси ёрдам берган.
Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий ўтган ҳафтада уч йил давомида жангарилар назоратида бўлган Мосул шаҳрининг террорчилардан озод этилганлигини расман маълум қилган эди. Операцияга раҳбарлик қилган америкалик генерал Стивен Таусенд шаҳарни жангарилардан батамом тозалаш учун яна бир неча ҳафта зарурлигини билдирди.
БМТнинг маълум қилишича, Мосул шаҳри аҳолисини таъминлаш учун 450 миллион доллар, шаҳарнинг инфраструктурасини тиклаш учун эса миллиард доллар маблағ зарурдир.






