Мексика тарих ва антропология миллий институти ходимлари эркаклар, аёллар ва болаларнинг бош чаноғидан ясалган минорани топишди, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.
Ацтеклар маданиятини ўрганиш бўйича ўтказилган қидирувга икки йил вақт кетди. Мехико шаҳри яқинидан 650 та бош чаноғидан ясалган минора топилди. Бу ерда испанлар келгунга қадар Темпло Майор номли қадимий ибодатхона қад ростлаган эди. У ацтекларнинг қуёш ва уруш худоси Уицилопочтли пирамадаси номи билан ҳам машҳур бўлган. Инсон бош чаноқларидан 6 метрли минора ясалган.
Инсон бош чаноқларидан ясалган минора бир неча асрлардан буён мексикаликларни ваҳимага солиб келганига қарамай, унинг мавжудлиги ҳақида аниқ далиллар бўлмаган. Тарихчиларнинг айтишича, энди ацтеклар маданияти ҳақидаги олдинги бир қанча тасаввурларга ўзгартириш киритишга тўғри келади. Қадимги ривоятларга кўра, бундай минора ясалаётганда душман аскарларининг бош чаноғидан фойдаланилган. Аммо топилган минорада аёллар ва болаларнинг бош чаноқлари ҳам топилган. Бундан аёллар ва болалар қурбонлик қилинганини ҳам англаш мумкин.






Айни пайтда 676 та одамнинг жасади қолдиқлари аниқланди. Қазиш ишлари ниҳоясига етгани йўқ. Тадқиқотчилар топилган минора улкан мажмуанинг бир қисми эканлигини тахмин қилмоқда.






