Афина шаҳри марказида намойиш ўтказаётган икки минг нафар одам парламент биноси ҳудудига киришга ҳаракат қилди, деб хабар берди Ntv.ru нашри.
Манифестчилар полициячиларга қарата тош, ёнувчи суюқлик солинган шишаларни ирғитди. Уларга жавобан полициячилар кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланишди. Тўполон оқибатида номаълум аскар ёдгорлиги ёнидаги президент гвардиясининг будкаси ёниб кетди. Намойишчилар парламент биносида янги иқтисодий қонунлар қабул қилиш юзасидан ўтказилаётган мажлисни бузишга ҳаракат қилишди. Мазкур мажлисда маошлар, пенсияларни камайтириш, шу билан бирга солиқни ошириш масалалари кўрилаётган эди.






