Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори имзоланди.
Қарорни тўлиқ матни ва шарҳи ЎзАда келтирилди.
Қарор Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизимини янада такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва техник регламентларни тизимли жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Миллий эталонлар базасини ривожлантириш асосида маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатдошлигини ошириш, шунингдек, “Ўзстандарт” агентлигининг тузилмасини халқаро талабларга мувофиқлаштириш мақсадида имзоланди.
Қарорга кўра, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг устувор вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда халқаро стандартлар ва техник регламентларни жадал жорий этиш орқали уларнинг замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш ва ташқи бозорларда рақобатдошлигини ошириш;
маҳсулот сифатини бошқаришнинг замонавий тизимларини биринчи навбатда экспорт қилувчи корхоналарда кенг жорий этиш ва саноат маҳсулотларини халқаро стандартларга мувофиқ сертификатлаштиришни амалга ошириш;
экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотларни сертификатлаштириш масалаларида қулай шароитларни яратиш, миллий сертификатлар ва мувофиқликни баҳолаш ишлари натижалари асосий экспорт бозорларида тан олинишига йўналтирилган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш;
техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш, сотиладиган маҳсулотлар хавфсизлигини тизимли назорат қилишни таъминлашда уларнинг самарадорлигини ошириш;
замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари турларини кенгайтириш;
техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва аккредитация соҳаларида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.
Қарорда Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”, “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида” ва “Метрология тўғрисида”ги қонунларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун сертификатлаштириш ҳамда стандартларни қабул қилиш ва жорий этиш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхати кескин қисқартирилди. Экспортга йўналтирилаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш ихтиёрий равишда амалга оширилиши белгиланди, ўлчаш воситаларини тайёрлаш, сотиш ва ижарага бериш фаолиятини лицензиялаш жараёни бекор қилинди.
Сертификатлаштириш ва стандартлаштириш қоидаларига риоя этилмаганлиги учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан иқтисодий санкциялар қўллаш меъёрлари бекор қилиниб, мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги кучайтирилди. Шунингдек, 23 та техник регламентни қабул қилиш ҳисобига 700 дан ортиқ стандарт ихтиёрий турга ўтказилди.






