Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида шу йил 11 апрель куни кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда давлатимиз раҳбарининг Виртуал қабулхонаси ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлагани халқ манфаатларини таъминлаш, мамлакатни янгилаш ва демократлаштириш йўлидаги улкан амалий қадам бўлгани алоҳида таъкидланди.
Жорий йил бошидан буён Виртуал қабулхонага 315 мингта мурожаат келиб тушган. Жойлардаги Халқ қабулхоналарида 47 мингдан ортиқ фуқаро қабул қилинган ва уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилган.
Шу билан бирга, жойларда баъзи раҳбарларнинг аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқ муносабатда бўлаётгани кўзга ташланмоқда. Шикоятларнинг 70 фоизи бевосита маҳаллий ҳокимлик ва идораларнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича бўлса-да, афсуски, кўтарилаётган муаммолар жойида ҳал этилмасдан қолмоқда. Шунинг учун аҳоли ва юридик шахслар марказий идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.






