29 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди. Унда сенаторлар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар.
Ҳисоботда қайд этилганидек, республика ички ишлар органларининг ўтган йилдаги фаолияти мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини оширишга, жамоат тартиби сақланишини таъминлашга, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга, фаолиятнинг шу соҳаларида аниқ натижаларга эришишга қаратилди.
Ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишга замон талабларига жавоб берадиган янги ёндашувларни татбиқ этиш, жиноятчиликка қарши курашишга жамоатчиликнинг кенг қатламларини жалб қилиш, профилактика инспекторларининг бевосита аҳоли орасида иш олиб боришини ташкил этишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республиканинг 5 253 та маҳалласида бирорта ҳам жиноят содир этилмади.
Жиноятнинг асосий кўрсаткичлари, шу жумладан, аввал судланганлар, жиноятчи гуруҳлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган ўта оғир жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар сони анча камайишига эришилди. Шахсга қарши жиноятларни очиш ва тергов қилишда, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишига, одам савдосига, терроризмга, диний экстремизмга ва уюшган жиноятчиликка, шунингдек, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга қарши курашишда муайян ижобий натижаларга эришилди.
Ҳисоботни муҳокама қилиш чоғида сенаторлар томонидан ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга, ходимлар, айниқса, профилактика инспекторлари учун муносиб хизмат ва маиший шарт-шароитлар яратишга қаратилган аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.






