Владимир Жириновский Россияда 2018 йилнинг март ойида ўтказилиши режалаштирилган президент сайловида ғалабага эришса, ҳаммага оммавий тарзда амнистия эълон қилишга ваъда берди, деб хабар қилди Ria.ru нашри.
“2018 йилнинг март ойида ўтказилиши режалаштирилган, 18 маротаба бизнинг овозимиз шарт эмаслиги таъкидланган сайловда ғалабага эришсам, оммавий амнистия эълон қилиб, сиёсий, иқтисодий, жиноий, молиявий жиноятларни содир этган жиноятчиларни авф этаман. Қамоқхонада фақат қотиллар, фирибгарлар, гиёҳванд моддаси савдоси билан шуғулланувчилар ва йирик ўғрилар қолади. Қолганлар эса озод қилинади. Улар жарима тўлашга ёки уй қамоғига ҳукм қилинадилар. Шунда бугунги кунда қамоқда ўтирган 650 минг нафар маҳбусдан 200 минг нафари қолади”, деб маълумот берди Жириновский журналистларга берган интервьюсида.
Россия либерал демократик партияси вакиллари палатага Қримнинг Россия таркибига киритилганининг уч йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилиш лойиҳасини тақдим этган эди. Аммо мазкур лойиҳа палата томонидан маъқулланмади.
Жириновский бундан ташқари мамлакатнинг иссиқ ҳудудларида тушлик вақтини икки соатга узайтириш таклифи билан ҳам чиқди. Унинг айтишича, куннинг иссиқлигида одам барибир ишламайди, балки салқин жой қидиради. “Буни иш кунини қисқартирмасдан амалга ошириш мумкин. Улар олтигача эмас, балки кечки соат еттигача ишлашади”, деб қўшимча қилди Жириновский.






