АсосийJamiyat

​Ҳарбийлар гиёҳвандлик ва терроризм таҳдидларидан огоҳлантирилди

'​Ҳарбийлар гиёҳвандлик ва терроризм таҳдидларидан огоҳлантирилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Тошкент вилояти ҳудудидаги ҳарбий қисмларидан бирида гиёҳвандлик, диний экстремизм ва фундаментализм сингари иллатларнинг аянгчили оқибатларига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда ҳарбий хизматчилар, тегишли идора ва ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда дунё ҳамжамиятини ўйлантириб турган глобал муаммолар, хусусан наркомания ва наркотик воситаларнинг ноқонуний айланиши, терроризм ва экстремизм сингари иллатлар ҳам уларнинг хавфли оқибатлари ҳақида сўз юритишди.

“Саробга алданиб қолмайлик”

Бугун тевара-атрофда юз бераётган ўзгаришлар барчамиздан янада огоҳлик ва сергакликни, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етишни талаб этмоқда. Айни пайтда Ироқ, Сурия, Афғонистон сингари мамлакатларда турли хунрезликлар, қуролли тўқнашувлар ҳамон давом этмоқда. Энг ачинарлиси бундай хатти-ҳаракатлар меҳр-шафқат, эзгулик ва бағрикенглик дини бўлмиш ислом ниқоби остида содир этилмоқда.

Афсуски, ана шундай террористик гуруҳлар сафида қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар қонига зомин бўлаётганлар орасида бизнинг ватандошларимиз ҳам учраб турибди. Биринчи навбатда динимизнинг асл-мазмун моҳиятидан бехабарлик, сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлик даражасининг пастлиги айрим ёшларнинг шундай ғаразли оқимлар таъсирига тушиб қолишига сабаб бўлмоқда.

- Бугунги кунда ҳарбий хизматчилар орасида ҳам ҳушёрлик ва огоҳликни ошириш долзарб масалалардан ҳисобланади, - дейди майор А.Ўтапўлатов. - Хусусан уларда турли ахборот хуружларига нисбатан соғлом фикр ва ёндашувни шакллантириш, диний экстермизм ва терроризм таҳдидларига қарши иммнитетни ҳосил қилишни вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган, ҳали катта ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ҳарбий хизматчиларнинг онгида мафкуравий бўшлиқ юзага келмаслиги лозим.

Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик таъминланаётгани, инсон қадр-қиммати улуғланаётгани қайд этилди.

Соғлом ҳаётга муқаррар таҳдид

Сир эмаски, мамлакатимизда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш борасида кенг қамровли ишлар бажарилмоқда. Шу билан биргаликда кашандалик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик сингари иллатларга қарши курашиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугун наркотик воситалар савдосига қарши кураш глобал миқёсда давом этаётган бўлса-да, бу машъум иллат ҳамон инсоният бошига мудҳиш соя ташлаб турибди. Ҳар йили миллионлаб инсонлар бу мудҳиш иллатнинг қурбонига айланишмоқда. Унинг таъсирида оилалар парокандаликка учраб, фарзандлар етим қолаётгани ҳам изоҳ талаб этмайди.

Гиёҳвандлик ОИТС сингари бедаво касалликларга, мудҳиш жиноий ҳатти-ҳаракатларга йўл очаётгани ҳам барчамизга аён. Афсуски, бу иллатга қарши кенг миқёсда кураш олиб борилаётган бўлса-да, мамлакатимизга ҳам унинг домига илинаётганлар учраб турибди.

- Гиёҳвандлик ихтирий тарзда ҳалокат сари одимлашдир, - дейди Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси бош наркологи Раббим Тожиқулов. – Мамлакатимизда унинг олдини олиш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида бу иллатнинг салбий оқидатларини тушунтириш борасидаги ишлар мунтазам давом этяпти. Бироқ, жамиятимизда биргина инсон ана шу офатнинг чангалига тушар экан, демак тарғибот ишларини янада кучайтириш керак. Зотан, гиёҳвандлик наинки бир инсон ёки бир оиланинг, балки жамиятнинг ҳаётидаги фожиадир. Шу боис бу борада ҳар биримиз, жумладан ҳарбий хизматчилар ҳам эҳтиёткорликни, огоҳликни қўлдан бермасликлари, бундай иллатларга яқин йўламасликлари лозим.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Мазкур иллатлар моҳияти, мудҳиш оқибатларига бағишланган фильмлар ҳам намойиш қилинди.

    Бошқа янгиликлар