АсосийSalomatlik

Ёнғоқ: камқонлик, диабет ва меъда ярасига даво бўлади!

Қадим замонлардан ёнғоқни қувват ва ҳаёт манбаи сифатида билишган. Бир сиқимгина ёнғоқ мағзи таркибида талай витаминлар, фойдали моддалар мавжуд бўлиб, улар кўплаб касалликларнинг олдини олади. Қуйида ана шу кони фойда неъматнинг шифобахш хусусиятларини келтирамиз.

  • Ёнғоқ метаболик синдром, юрак-қон томир касалликлари ва 2-тип диабетнинг олдини олиш ҳамда даволашда беназир воситадир.
  • Таркибидаги шамоллашга қарши моддалар суяклар саломатлигини сақлашда, озишда ва семиришнинг олдини олишда асқатади.
  • Ёнғоқ таркибида ўхшаши йўқ антиоксидантлар гуруҳи мавжудки, улар простата бези ва кўкрак саратонининг олдини олади.
  • Ёнғоқ эркаклар потенциясига ижобий таъсир кўрсатади.
  • Таркибидаги L-аргинин моддаси шарофати билан ёнғоқ қонда қуйқалар ва томирларда тиқинлар пайдо бўлишига қаршилик кўрсатади.
  • Ёнғоқ улкан оқсил манбаидир. Шунинг учун у ёки бу сабабга кўра гўшт истеъмол қилмайдиганлар организмнинг оқсилга эҳтиёжини бемалол ёнғоқ воситасида қондиришлари мумкин.
  • Ёнғоқда кўп миқдорда клетчатка бор, у овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Қолаверса, ёнғоқ еган одам узоқ муддат тўқ юради, табиийки, камроқ ейди. Шу икки сабабга кўра, ёнғоқ семиришнинг олдини олувчи парҳез егулик ҳисобланади.
  • аркибида калий жуда кўп. Бу модда асаб тизимини ҳимоялайди ва терининг ҳамма мушаклари учун зарур ҳисобланади. Юрак ритми ҳамда қон оқишини маромга солади.
  • Бекорга ёнғоқ мағзи мия шаклига ўхшамайди. Биофаол моддалар ва лацетининг ажойиб қоришмаси туфайли ёнғоқ асабийликни йўқотади, хотирани мустаҳкамлайди, мия фаолиятини яхшилайди. Шунингдек, ёнғоқ миянинг муддатдан олдин қаришига тўсқинлик қилади.
  • Ёнғоқ таркибида йод бор, у қалқонсимон без касалликларининг олдини олади. Ёнғоқ ичидаги деворчалардан қайнатма тайёрлаб ичилса, бўқоқни даволайди.

Шифо бўлади!

  • Бир қошиқ асал билан истеъмол қилинган 3-4 та ёнғоқ нафақат қоринни тўқ тутади, балки бош оғриғини, уйқусизликни ва склерозни йўқотади.
  • Юқори қон босими ва темир етишмайдиган камқонликда кунига 100 грамм ёнғоқни 60 грамм асал билан 45 кун давомида истеъмол қилиш керак. Ёнғоқ юрак ишемик касаллигида ҳам фойдали.
  • Юрак фаолиятини маромга солиш, шунингдек, бутун танага қувват бериш учун ёнғоқ мағзи, майиз, анжирқоқи ва туршакдан тенг миқдорда олиб майдалаб аралаштириб қўйиш ҳамда кунига 1 ош қошиқдан истеъмол қилиш тавсия этилади. Аралашмани музлаткичда сақлаш керак.
  • 1:5 нисбатда ёнғоқ ва гречка ёрмасини блендерда унга айлангунча янчиб, ҳосил бўлган аралашмадан бир ярим ош қошиғи устига 2 см баландликда қатиқ қуйилади. Эрталаб уни еб, кетидан 1 та қирғичдан ўтказилган олма ҳам истеъмол қилинади. Кун давомида овқатдан 30 дақиқа олдин гречка ва ёнғоқли аралашмадан 1 ош қошиқдан ейиш керак. Бу 5 ой давомида қилиб борилса, қандли диабетни даволайди.
  • 20 грамм ёнғоқ мағзини янчиб, устига 100 грамм пиширилган илиқ сут қуйилади, яхшилаб аралаштирилади, фильтрланади ва 1-2 чой қошиқ асал қўшилади. Десерт қошиқда кунига 5-6 марта овқатдан олдин қабул қилинади. Бу ошқозон ярасини тузатади. Шунингдек, сутда қайнатилган ёнғоқ янги туққан аёлларга сут келишини кўпайтириш, йўтални даволаш каби мақсадларда фойдаланилади.

Қандай истеъмол қилиш керак?

  • Бир нималар егингиз келиб қолганда печенье, шоколад ёки чипс эмас, ёнғоққа қўл чўзинг;
  • Ёнғоқ салатларда гўшт ўрнини босади, макарон билан ҳам яхши кетади;
  • Ёнғоқнинг нафис таъми олма, нок, лавлаги, сабзи, селдерей, бақлажон, юмшоқ қаймоқли пишлоқлар билан яхши чиқишади;
  • Ёнғоқларни турли пишириқларга, соус ва паштетларга қўшиб ажойиб таъмга эришиш мумкин;
  • Ёнғоқни асал, товуқ гўшти, кинза ва петрушка, саримсоқ пиёз билан есангиз жуда хушхўр бўлади.
  • Яхши етилмаган ёнғоқ меваларидан ажойиб мураббо пишириш мумкин;
  • Ёнғоқ мойи – жуда лаззатли ва хушбўйдир, уни салатлар ва совуқ газакларга қўшсангиз, ажойиб таъм беради.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.

Бошқа янгиликлар